Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди
Олам
−
14 Январь 2022
4544Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эртага, 15 январь кунидан бошлаб Республиканинг Оқмўла ва Қўстанай вилоятларида фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“2022 йил 15 январь соат 07:00 дан бошлаб Қозоғистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 январдаги 737-сонли “Оқмўла вилояти чегараларида фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори бекор қилинсин”, дейилади хабарда.
Худди шундай фармон Қўстанай вилоятига нисбатан ҳам имзоланган.
Тўқаев, шунингдек, Чимкент шаҳри, Шарқий Қозоғистон, Қарағанда ва Туркистон вилоятларида 14 январь куни соат 18:00дан (Тошкент вақти билан 17:00) фавқулодда ҳолат режимини бекор қилишга қарор қилган эди. 13 январь куни эса Президент Шимолий Қозоғистон, Павлодар ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларида фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилди. Шундай қилиб, ҳозирда мамлакатнинг 17 та ҳудудидан 8 тасида фавқулодда ҳолат жорий этилган. 5 январдан бошлаб Республика ҳудудларида фавқулодда ҳолат жорий этилганди.
Жорий йилнинг 2 январь куни Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди, улар бир неча кундан сўнг тартибсизликлар ва погромларга айланиб кетди. Улар билан бирга мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида, биринчи навбатда, Олма-отада полиция, ҳарбий ва ҳокимият органларига ҳужумлар уюштирилди. Минглаб одамлар жароҳат олди, ўлганларнинг аниқ сони номаълум. Қозоғистон Президентининг мурожаатидан сўнг КХШТ давлатлари Республикага тинчликпарвар кучларини жўнатди. Расмийларга кўра, барча ҳудудларда конституциявий тузум тикланган.
LiveБарчаси