Қозоғистон ва Ўзбекистондаги UzAuto Motors автомобиллари нархлари солиштирилди
Бизнес
−
13 Январь 2023
69338Ўзбекистоннинг маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиси UzAuto Motors ўзининг монопол мавқеидан фойдаланган ҳолда мамлакат ички бозорида автомобилларни оширилган нархларда сотмоқда деган фикр кўпчилик автоихлосмандлар томонидан илгари сурилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар Қозоғистонда мaшиналар кўп, нархлар эса анча арзон, деб таъкидлайди. Аммо реал ҳаёт буткул тескарисини кўрсатади. Келинг, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги автомобиллар ҳамда уларнинг нархини бир нечта мисол билан кўриб чиқайлик.
Мисолни икки мамлакатда ҳам оммабопликка эришган Chevrolet Cobalt'дан бошлайлик. Ушбу қулай ва қиммат бўлмаган автомобил харидорларга дарҳол манзур келди. Оддий ва кенг седан 2022 йилда Қозоғистонда энг кўп сотилган автомобил моделига айланди.
Қозоғистон автомобиль бизнеси ассоциацияси (ҚАБА)нинг маълумотига кўра, UzAuto Motors мамлакатда ойига ўртача 2 500 дона Cobalt автомобилини сотади. Сотувда лидерлик қилади. Chevrolet-auto.kz расмий сайтида Chevrolet Cobalt Elegant АТ энг қиммат комплектациясининг нархи 6 990 000 тенгени ташкил қилади. АҚШ долларида ҳисоблайдиган бўлсак, бугунги курс бўйича 1$=465 тенгега тенглигини ҳисобга олсак, машинанинг Қозоғистондаги нархи 15 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Бизнинг автосаноат седаннинг энг қиммат комплектациясини 128 645 000 сўмга таклиф қилмоқда. Таққослаш учун бу суммани доллар курсига ўтказамиз: 1$=11 300 сўм. Chevrolet Cobalt Elegant АТ'нинг Ўзбекистондаги нархи 11 400 доллар. 11 400 ва 15 000 – орасидаги фарқ сезиларли. Кимлардир нархдаги бундай фарқдан жуда ҳайратда қолади, лекин бу ҳақиқат. Хулоса ўзингиздан.
Мисолни бугунги кунда машҳур бўлган кичик SUVлар сегментини кўриб чиқиш билан давом эттирамиз. 2022 йилда UzAuto Motors Tracker ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ёрқин дизайнга эга бўлган шинам, кенг автомобиль ҳар икки мамлакатда ҳам талаб юқори. Chevrolet-auto.kz расмий сайтида кўрсатилган Қозоғистондаги ушбу SUVнинг энг қиммат комплектацияси учун 10 990 000 тенге кўрсатилган, бу долларда 23 650 долларга тенг, Chevrolet Tracker Prеmier энг қиммат комплектацияси Ўзбекистонда 249 миллион сўмга тенг. Таққослаш учун уни долларга айлантирамиз. Шунда 22 035 долларни ташкил қилади. Нархлардаги фарқ Cobalt нархидагига қараганда унчалик катта эмас, аммо Қозоғистонда Tracker Ўзбекистондан 1 600 долларга қимматроқ эканлигини кўриш мумкин.
Келинг, энди бизнес-классга ўтамиз ва Chevrolet Malibu мисолида икки мамлакат нархларини кўриб чиқамиз. Ўзбекистонда буни автомобилнинг рамзий модели деб айтиш мумкин. Ҳашамат ва статуснинг рамзи. Қозоғистонда ушбу автомобиль биздаги каби унчалик машҳур эмас, аммо харидор аста-секинлик билан қизиқишни бошлашмоқда. Malibu'нинг нархи икки мамлакатда тахминан бир хил. Шунингдек, нархларни таққослаш учун миллий валюталардан долларга ўтказсак, Қозоғистонда 35 900 доллар ва Ўзбекистонда 35 850 долларга тенг.
Кўриб турганингиздек, UzAuto Motors автомобилларининг ички бозордаги нархи Қозоғистон бозорларида сотилаётганидан анча паст. Кўпгина харидорлар учун бу кутилмаган янгилик бўлади. Фактлар алдамайди. Хулоса ўзингиздан!
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси