Қотилликларнинг деярли ярми эр-хотин низосидан келиб чиқаётгани айтилди
Жамият
−
29 Февраль 2020
46292019 йилда Ўзбекистонда жиноятлар 3139 тага ёки 10,5 фоизга камайишига эришилган. Республикада маҳаллаларнинг 33,7 фоизида ёки 3074 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Вояга етмаганлар (830/656) ва хотин-қизлар (3378/2705) ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари камайган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2019 йил якуни бўйича ахборотида сўз боради.
Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида гиёҳвандлик, коррупция ва иқтисодий йўналишларга оид қарийб 4,5 мингта жиноят аниқланган.
Аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган, оилалардаги жанжаллар кўп ҳолларда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларининг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилиши кенг тус олган.
2019 йили 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлишига қарамасдан, ИИВнинг бу борадаги ишларни тартибга солувчи буйруғи жорий йил 3 февралда қабул қилинган. Шу туфайли тазйиққа учраган хотин-қизларнинг фақатгина 3 нафарига ҳимоя ордери берилган. 142 та қотилликнинг 70 таси (49,2 фоиз) эр-хотинлар ўртасида келиб чиққан низолар сабабли содир этилган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 5032 нафар аёл жиноят содир этган ва бу жиноятларни содир этиш ҳолатлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида юқорилигича қолган.
Одам савдоси жиноятларининг сони 2012-2019 йиллар давомида олти баробарга камайишига (574-94) эришилган бўлса-да, ушбу даврда болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланмоқда. Ўтган йили республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (11787 та) ёшлар томонидан содир этилган.
LiveБарчаси