Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади

Жамият

image

Бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Шу мақсадда янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди.

Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бундан ташқари, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла ва овулларда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлмоқда.

Видеоселектор йиғилишида мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросини тизимли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос “ўсиш   нуқта”ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжалланган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига “хомашёдан тайёр маҳсулотгача” тизимида ишловчи 27 та саноат кластерини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш шулар жумласидандир. Кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, йилига 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш чоралари кўрилади. Бунинг учун 14 минг 200 километр каналларни таъмирлаш, 45 минг гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этиш, сув ажратиш нуқталарида ҳисоблагичлар ўрнатиш, 38 минг гектар майдонни лазер ёрдамида текислаш жуда муҳим.  

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг бу борадаги вазифалари қайд этиб ўтилди.

Дастурда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари бўйича алоҳида чоралар назарда тутилган. Хусусан, бу туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, шароити оғир 45  та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2  триллион 340 миллиард сўм бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳаларга бериладиган кредитларнинг фоиз харажатлари Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилинади.

Давлат раҳбари янги корхоналар ташкил этиб, аҳолини иш билан таъминлаш, оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишда Қорақалпоғистон туман ва шаҳарлари қиёфасини янгилаш, йўллар ва уй-жойлар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Кейинги 3 йилда 856 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 2 минг 500 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш ҳисобига таъминот даражасини 70 фоизга етказиш мақсади таъкидланиб, масъуллар бириктирилди. 7 минг квартирали 235 та, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 минг 84 квартирали 36 та арзон кўп қаватли уйлар қурилиши айтилди.

Нукус шаҳрини реновация қилиш, замонавий инфратузилма объектлари қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз борар экан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш, тиббиёт бригадалари ташкил этиб, аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Мактабларда дарсларни янги методика асосида ташкил этиш, педагогларни шу бўйича малакасини ошириш вазифаси қўйилди.

"Умуман олганда, Қорақалпоғистонда ишларни янгича ташкил этиш ва назорат тизими ўрнатилади. Бунинг учун Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилди", деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда мутасаддилар дастур ижросини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг