“118 та қишлоққа интернет умуман етиб бормаган”. Мирзиёев IT соҳасидаги муаммоларни бирма-бир санади

Жамият

image

Ўзбекистондаги 118 та олис қишлоқларга алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 апрель куни ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳада 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.

“Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни "драйвер" соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта-катта мақсадларни қўйдик. Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди”, дейди давлат раҳбари.

Йиғилишда IT соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ва ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги қайд этилди. Президентга кўра:

•  ҳудудларнинг оптик толали интернет билан қамраб олиш даражаси паст - 72 фоиз;

•  118 та олис қишлоқларга алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Шунингдек, магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Умуман, ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда; 

•  “Ўзбектелеком”нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча паст.

Таъкидланишича, бундан ташқари ечимини кутиб турган яна бир нечта муаммолар бор. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури доирасида вазирлик ва тармоқларнинг 11 та лойиҳаси кечикмоқда.

Жумладан, Транспорт ва Молия вазирликларида – 3 тадан, Инвестиция, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Кадастр агентлиги, Миллий банк, “Ўзагросуғурта”да – 1 тадан.

Шавкат Мирзиёевга кўра, бугунги кунда айрим вазирлик ва идоралар эски, ишончсиз ва ўзаро интеграция қилинмаган ахборот тизимларидан фойдаланмоқда. Ҳудудларда IT соҳасини ривожлантириш бўйича ишлар бир маромда эмас. IT хизматларининг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Энг оғир ҳолат Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда. Шу билан бирга, 46 та ҳудудий лойиҳа ижроси кечикмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

182

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made