Қирғизистондан қарийб 28 минг дона “таблетка” олиб келганлар ушланди

3-саҳифа

image

Наманган ва Фарғона вилоятларида Қирғизистондан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 246-(Контрабанда) ва 251-1-моддаларида (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс яна Қирғиз Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб сотиш орқали мўмай даромад топишни режа қилган.

Бу мақсадда у қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўраган. Ўз навбатида, Қирғиз Республикаси фуқароси 16 755 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойда қолдирган. Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда курьер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.

Билдирилишича, ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси -(Контрабанда) 1-қисми ва 251-1-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 246-(Контрабанда) ва 273-моддаларида (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг Tracker 2 русумли автомашинасида “Фарғона–Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11 200 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлган.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келингани аниқланган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида Қирғизистондан наркотик моддалар олиб келиб, сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Фарғона кучли таъсир қилувчи дори таблетка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг