Қирғиз-тожик можароси: Бишкек отишмалар бўйича жиноий иш очди

Олам

image

Қирғизистон Бош прокуратураси Тожикистон билан чегарадаги қуролли можародан кейин жиноий иш қўзғатди. Мамлакат ИИВнинг бугун, 19 сентябрь куни маълум қилишича, Жиноят кодексининг тинчликка қарши моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Боткен вилоятида Тожикистон томонидан ҳужумга сабаб бўлган ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш учун идоралараро тергов гуруҳи тузилди. Гуруҳ таркибига Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари вакиллари киритилган. Тузилган гуруҳ жабрланган қишлоқларни ўрганмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, агентлик хабар беришича, айни пайтда икки давлат Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат қўшма патруллар томонидан чегара ҳудудидаги аҳоли ўртасида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича кечаю кундуз тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов Тожикистон билан олиб борилган жанговар ҳаракатлар натижасида 40 нафар қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлган, яна 70 нафари яраланганини маълум қилди. У Тожикистон томонини 14 сентябрда бошланган можарога олдиндан тайёрланганликда айблади.

“Улар олдиндан қазишни, хандақ қазишни бошладилар, агрессияга тайёргарликнинг барча белгилари бор эди”, дейди у.

Имонқулов, шунингдек, можарода иштирок этган тожик ҳарбийлари орасида халқаро террорчи ташкилотлар вакиллари ва хорижлик ёлланма аскарлар ҳам бўлганини даъво қилмоқда.

“Ҳудудимизга бостириб кирган тожик қуролли кучлари томонида фуқаро кийимида, қўлларида қурол-яроғ кийган, турли йўналишларда ҳам уйларга, ҳам тинч аҳолига ўқ узган соқолли одамлар бор эди”, дейди у.

Хавфсизлик кенгаши котибига кўра, бу шахслардан бири Афғонистон фуқароси экани аниқланган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг