Қидирув-қутқарув ишлари якунланди – ФВВ Юнусобод фожиаси бўйича баёнот берди

Жамият

image

Кеча, 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида юз берган авария бўйича Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий баёнот берди. Унда шундай дейилади: 

“Жорий йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида фавқулодда вазият вужудга келган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида олти нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахси аниқланди. Қидирув-қутқарув ишлари якунланиб, Комиссия ишининг биринчи фазаси ниҳоясига етди.

Айни пайтда Комиссия томонидан ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда, мазкур ҳолатнинг вужудга келишига сабабчи бўлган ва йўл қўйган масъул ташкилот ва шахслар аниқланмоқда. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шу ва бошқа кўнгилсиз ҳолатлар такрорланишини олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар яшаш манзилига етказилди. Пудратчи-қурувчи ташкилотлар томонидан уларнинг оила-аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўлаб берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади.

Айни пайтда вилоятлар ҳокимликлари ва жамоатчилик вакиллари марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатмоқда”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

413

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг