Қатар Исроилга қарши жавоб тайёрламоқда
Олам
−
10 Сентябрь 2025 20108 3 дақиқа
Қатар ўз суверенитетига қаратилган ҳар қандай ҳужумни қабул қилмайди ва уни бузганларга қарши жавоб чорасини қўллайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жассим Ол Соний маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қатар Исроил зарбаларига фақат битта чора билан эмас, балки турли йўллар билан жавоб қайтаради ва келажакда бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилади. Шу мақсадда, дипломат Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Хулайфий раҳбарлигида ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқадиган махсус гуруҳ тузилган. Доҳа аллақачон ўзига дўст бўлган мамлакатлар билан боғланган ва тез орада жавоб чораларини эълон қилади.
“Давлатларнинг суверенитетини бепарволик билан бузишга қаратилган ҳаракатларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди, улар билан барча воситалар орқали курашиш керак”, деган Ол Соний.
У, шунингдек, Биньямин Нетаньяхуни халқаро ҳуқуқларга тупуриб қўйгани, бутун минтақани қайтмас оқибатларга олиб бораётгани ва тинчликка эришиш бўйича барча уринишларни йўққа чиқарганини таъкидлаб, ҳамма айбловларни Исроил Бош вазирига юклаган.
Музокараларда иштирок этаётган давлатда воситачиларни ўлдиришга уринишни у “ахлоқсизлик ва хиёнат” деб атаган.
Ол Сонийнинг сўзларига кўра, Нетаньяху ўзини минтақада тинчлик учун ҳаракат қилаётгандек кўрсатса-да, аслида у ўз манфаатлари йўлида қўлидан келган барча ишни қилмоқда.
“Бугун биз шундай бурилиш нуқтасига етдикки, бутун минтақа бундай ваҳшиёна хатти-ҳаракатларга қарши жавоб қайтариши керак”, деган Қатар вазири.
Бош вазир Исроилнинг Доҳага берган зарбаларини фақат “терроризм” сифатида баҳолаш мумкинлигини қўшимча қилган.
Исроилнинг Қатарга йўллаган зарбалари
Кеча, 9 сентябрь куни кундузи Исроил Доҳадаги уйларга зарбалар ёғдирди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум остида қолган уйлар орасида “ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари яшаб келган жойлар” бўлганини билдирди. ОАВга кўра, бу ҳужумда гуруҳ раҳбарлари, жумладан, Ғазо секторидаги етакчи Халил ал-Хайя ва сиёсий бюро раҳбари Холид Машъал ҳалок бўлган.
Бироқ ҲАМАС аъзоси Суҳайл ал-Хиндий бу хабарни рад этган ва унинг айтишича, аслида Халил ал-Хайянинг ўғли Ҳаммам ҳамда унинг офис-менежери вафот этган. Қатар Ички хавфсизлик кучлари ходимларидан бири ҳам ҳалок бўлгани, бир неча киши жароҳатлангани аниқланган.
Канада, Франция ва Буюк Британия каби бир қатор давлатлар Исроилнинг бу ҳаракатларини қоралади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Қатар ҳудудида бундай ҳодиса юз берганидан афсус билдирган. ҲАМАС эса АҚШни ҳам бу ҳужум учун масъул деб билишини айтган.
Қатар воқеадан сўнг ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачилик фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам Исроилнинг Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралаб, буни Қатар суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолаганди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025