Қашқадарёда фуқарони калтаклаб, видеосини тарқатганларга нисбатан жиноий иш очилди
3-саҳифа
−
23 Март 2021
6370Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида икки фуқаро бошқа бир шахсни ўғриликда гумон қилиб, калтаклади ва дарахтга боғлаб қўйди. Бу ҳақда тергов департаменти хабар берди.
Жорий йилнинг 20 февраль куни соат 22:30ларда 33 ёшли Ғиёс Қ. ва 29 ёшли Абдивали Б. Қашқадарё вилояти Миришкор тумани “Янги Миришкор” маҳалласида Азамат Ж.нинг уйи атрофида 31 ёшли Азизбек Т. маст ҳолатда айланиб юрганлигини кўриб қолишган.
Улар Азизбек Т.ни ўғрилик қилиш мақсадида келган деб ўйлаб, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, танасининг турли жойларига уришган ва дарахтга ип билан боғлаб қўйиб, тахминан 1 соатдан кўпроқ вақт мобайнида ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Азизбек Т. муқаддам ўғрилик жинояти учун 4 маротаба судлангани, уни шу сабабдан уриб дарахтга боғлаб қўйишгани ва бу ҳолат видеога туширилиб, TikTok ижтимоий тармоғига жойлаганлиги аниқланган.
Суд тиббий экспертиза хулосасида Азизбек Т.да енгил тан жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миришкор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ғиёс Қ. ва Абдивали Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 138-моддаси 1-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинганлар. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь