Қашқадарёдаги перинатал марказда 21 чақалоқ вафот этгани ростми? Расмий изоҳ берилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда қашқадарёлик фуқаронинг вилоят перинатал марказида шифокорлар тамагирлик қилаётгани ва келганидан буён бу ерда 21 нафар бола вафот этганлигини айтган видеоси тарқалди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур мурожаат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган. Бошқарма ишчи гуруҳи томонидан мурожаат муаллифи ва вилоят перинатал маркази навбатчи тиббиёт ходимлари иштирокида мазкур ҳолат муҳокама қилинган. Мурожаат муаллифи даъво қилган тамагирлик ҳолатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўрганилиб, қонуний баҳо берилиши маълум қилиниши айтилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, мурожаат муаллифи ўз чиқишида келтириб ўтган вилоят перинатал марказига келганидан буён бу ерда 21 нафар гўдак вафот этгани ҳақидаги хабар ҳеч қандай асосга эга эмас. Бошқарма ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган бу каби ёлғон маълумотлар аҳоли, шу жумладан, перинатал марказда даволанаётган бемор аёллар ва уларнинг яқинлари орасида нотўғри тасаввур ва тушунчалар ҳамда саросимага олиб келишини қайд этиб, шу боис ҳар қандай вазиятда бу каби ноқонуний ҳаракатлардан тийилишни сўраган.

Шунингдек, мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғи жорий йилнинг 13 мартидан 17 мартигача Тошкент тиббиёт академиясининг туғуруқ комплексида ҳомиладор аёллар патологияси бўлимида даволанган. Аёл 2023 йил 16 мартда Республика она ва бола скрининг марказида скрининг ультратовуш текширувидан ўтказилган.

Охирги ойларда аёлда доимий оғриқ бўлган, у Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасининг туғуруққа тайёрлаш бўлимида даволанишга ётқизилган ва 2023 йилнинг 23 март куни соат 13:00 да йўлланма билан вилоят перинатал марказига “Тез тиббий ёрдам” машинасида олиб келинган. Шу куни соат 21:00 да вилоят перинатал марказида аёл фарзанд дунёга келтирган. Чақалоқ жинси қиз, тирик, муддатидан олдин туғилган.

Чақалоққа ССВ томонидан тасдиқланган стандарт протоколлар асосида ёрдам кўрсатилган. Аммо шунга қарамасдан, 2023 йилнинг 28 март куни соат 13:15 да гўдакда ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан биологик ўлим қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё чақалоқ перинатал марказ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг