Қандай лойиҳалар маҳаллийлаштириш дастурига киритилади?

Жамият

image

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.

Низомда белгиланишича, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва материалларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) билан боғлиқ жараён маҳаллийлаштириш ҳисобланади. Маҳаллийлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДСҚ, ДБҚ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давстатқўм, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, ССП, шунингдек:

•    Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази;

•    Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси ва ишчи гуруҳ;

•    лойиҳа ташаббускорлари (импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектлар) маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчилари ҳисобланади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Низомда маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчиларининг вазифалари, улар томонидан маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш бўйича амалга ошириладиган функциялар, шунингдек уларни амалга ошириш муддатлари  белгиланган. Бу маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш жараёни иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлиги схемасида акс этган.

Лойиҳалар маҳаллийлаштириш дастурига уларнинг кўрсаткичлари қуйидаги мезонларга жавоб берган ҳолда киритилади:

•    маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг республика ҳудудига доимий равишда, катта миқдорда импорт қилиниши;

•    маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ва мавжуд хомашё базаси негизида қўшилган қиймат занжирини яратиш имкониятининг мавжудлиги;

•    тармоқ ва ҳудудий корхоналарда мавжуд технологик ускуналарнинг тез ишдан чиқувчи бутловчи буюмлари, эҳтиёт қисмлари ва материалларини ишлаб чиқаришга қаратилганлиги;

•    ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражаси камида 36 фоиз бўлиши;

•    маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотга ички ва ташқи бозорда етарли даражада талабнинг мавжудлиги;

•    ишлаб чиқариш инфратузилмасининг мавжудлиги, айниқса, бўш бино ва кичик саноат зоналаридаги мавжуд инфратузилмадан фойдаланилиши;

•    йирик ва кичик корхоналар ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилганлиги.


Мақола муаллифи

Теглар

маҳаллийлаштириш

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар