Ижод фондига ажратма бекор қилинди
Жамият
−
17 Март 2020
5827Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 16 март куни “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорним имзолади.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинади.
2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилинади, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлик ҳақида ваколатли органни хабардор этиш тизими жорий этилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб босма маҳсулотларни сотишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумдан “Ижод” фондига ажратмалар бекор қилинади.
Қарорга кўра, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи” матбаа уйи” давлат корхоналари хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.
Шунингдек, “Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонаси ушбу агентликка самарали фойдаланиш учун ўтказилади.
“Ўқитувчи” илмий-методик нашриёт маркази” давлат корхонаси ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ҳудудий бўлинмалари тизимидаги (Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари) нашриётлар фаолияти тугатилади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимида “Ўзбекистон нашриёти” давлат корхонаси ташкил этилади, унга “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти” давлат корхоналари қўшиб олинади.
LiveБарчаси