“It’s time!”, “Омад сиз ва бизни асло тарк этмасин” – Спорт овозлари (1-қисм)

Спорт

image

Спорт шарҳловчиси – спорт мусобақалари ва воқеаларини жонли эфирда ёки таҳлилий кўрсатувларда тавсифлаб, мухлисларга тушунарли ва қизиқарли тарзда етказиб берувчи мутахассис. Спорт дунёсида шундай шарҳловчилар борки, улар ўз овози билан минглаб, миллионлаб мухлислар ва томошабинларнинг қалбидан ўрин олган. Бугун биз эса дунёга машҳур спорт шарҳловчи ва бошловчилари ҳақида сўз очиб,  уларнинг ёрқин фаолиятига назар ташлаймиз.

Майкл Баффер

Майкл Баффер – машҳур америкалик ринг анонсери бўлиб, у асосан бокс ва кураш мусобақаларидаги анонслари билан танилган. Унинг энг машҳур ибораси – “Let’s Get Ready to Rumble!” бўлиб, бу ибора билан дунёга танилган ҳамда бренд даражасига чиққан.  Баффер 1980 йилларда ринг анонсерлигини бошлаган ва тезда машҳурликка эришган. Унинг овози ва услуби бокс оламидаги энг таъсирлиларидан бири ҳисобланади. Майкл ўзининг машҳур иборасига муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштириб, бу бренд орқали 400 миллион доллар даромад қилган. У нафақат бокс, балки WWE кураш шоулари, “NASCAR” пойгалари, ҳатто кино ва видео ўйинларда ҳам фаолият олиб борган. Унинг укаси Брюс ҳам ўз овози орқали анча машҳурликка эришган. Брюс ҳақида яна тўхталамиз.

Майкл Баффернинг энг машҳур ибораси “Let’s Get Ready to Rumble!”ни илк марта 1980 йилнинг бошида қўллаган ва 1992 йилга келиб эса мазкур иборани муаллифлик ҳуқуқи асосида патентлаган. Бу ибора орқали у катта молиявий муваффақиятга эришган, чунки унинг турли соҳаларда қўлланилиши орқали лицензия даромадларини қўлга киритган.

Брюс Баффер

Брюс Баффер – UFC (Ultimate Fighting Championship) мусобақаларининг асосий ринг анонсери ва дунёдаги энг машҳур спорт дикторларидан бири. Унинг “It’s time!” деган машҳур ибораси UFC жангларининг ажралмас қисмига айланган. Баффер 1996 йилда UFC’да анонсерлик қилишни бошлаган ва шу кунгача ушбу промоушеннинг энг асосий овозларидан бири ҳисобланади. У жангчиларни ўзига хос услубда таништириши ва энергияга бой чиқишлари билан мухлислар орасида машҳур. Брюс нафақат UFC учун, балки бошқа катта спорт тадбирларида ҳам анонсерлик қилади. У покер мусобақалари, кураш мусобақалари ва ҳатто футбол финалларида ҳам қатнашган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Брюс Майкл Баффернинг укаси ҳисобланади. Ака-ука “Buffer Partnership” компаниясига асос солган.

Брюс Баффер жангчиларни таништириш чоғида ҳаракатлари ва эмоциялари билан ўзгача ҳайратланарли муҳит яратади. Шу сабабдан, унинг “It’s Time!” ибораси UFC тарихидаги энг машҳур сўзлардан бирига айланган. Брюс Баффер нафақат UFC мусобақаларидаги ажралмас шахс, балки спорт шоумени сифатида бутун дунёда машҳур шахслардан бири.

Николай Озеров

Николай Озеров – СССР давридаги машҳур спорт шарҳловчиси, театр ва кино актёри. Унинг овози спорт мухлислари учун афсонага айланган. Озеров 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида СССР телевидениеси ва радиосида футбол ва хоккей ўйинларини шарҳлаб борган. Унинг эҳтиросли ва самимий овози миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган. Шарҳловчининг энг машҳур ибораси бу “Такой хоккей нам не нужен!”, яъни “бундай хоккей бизга керак эмас!” бўлиб, ушбу иборани у 1987 йилда СССР-Канада ўртасидаги ўйин давомида айтган. Бу ибора хоккейдаги ҳаддан ортиқ қилинган қўполликларга қарши сўзланган.

Шунингдек, Озеров теннис бўйича ёшлар ўртасида СССР чемпиони бўлган. Спортдан ташқари у Москвадаги Вахтангов театрида актёр сифатида ҳам фаолият юритган. 1986 йилда СССР халқ артисти унвони билан тақдирланган. Николай Озеров нафақат спорт шарҳловчиси, балки жамоат арбоби сифатида ҳам катта из қолдирган шахсдир. Унинг овози совет спорт тарихи билан чамбарчас боғлиқ.

Ахбор Имомхўжаев

Ахбор Имомхўжаев ўзбек спорт шарҳловчиларининг “отаси”. Республика тоифасидаги футбол ҳаками ва педагог. У 1956 йилда “Пахтакор” стадионида ўзбек тилида шарҳлашни бошлаган. 1960 йилда телевидение орқали илк шарҳини амалга оширган.

Шунингдек, Ахбор Имомхўжаев “Футбол қувончим, дардим, фахрим”, “Мафтунингман, футбол”, “Ўзбегимнинг Миржалоли”, “Аср футболидаги асл қадрдонларим” каби асарлар муаллифи. 2022 йилнинг 30 май куни Ахбор Имомхўжаев 86 ёшида Тошкентда вафот этди. Ахбор Имомхўжаев ўзбек спорт журналистикаси ва шарҳловчилик мактабининг асосчиси ҳисобланади. Унинг хизматлари ўзбек спорти тарихида муҳим ўрин тутади.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев Ўзбекистоннинг таниқли спорт шарҳловчи ва журналистларидан бири. У 1992 йилдан бошлаб телевидениеда футбол ўйинларини шарҳлашни бошлаган ва ўзининг бой тажрибаси ҳамда ёрқин овози билан мухлислар орасида ҳурмат қозонган.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев “Ўзбекистон футболи”, “Спорт” ва “Спорт +” газеталарида бош муҳаррир сифатида фаолият юритган. Ушбу шарҳловчининг ҳар бир ўйиндан кейин “Омад сиз ва бизни асло тарк этмасин” ибораси мухлислар орасида анча машҳур.

Бир муддат телевидениедаги шарҳловчилик фаолиятида танаффусга чиққанидан сўнг, 2018 йилда “Uzreport TV” ва “Futbol TV” телеканаллари билан ҳамкорликда яна севимли машғулотига қайтди. У “Реал” ва “Райо Вальекано” ўртасидаги учрашувни жонли эфирда шарҳлаб, мухлислар билан яна зангори экран ортидан кўришди.

Шарҳловчилик, бошловчилик мактабининг тажрибали инсонлари шу соҳага қизиқувчи ёш авлод учун катта мотивация ва намуна бўлиб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг