Испаниядаги инфляция ортидан аҳоли оч қолмоқда
Олам
−
23 Ноябрь 2022 5216 2 дақиқа
Пандемия бошида Мадрид бўйлаб пайдо бўлган "очлик навбатлари" сўнгги ойларда инфляциянинг ўсиши билан янада узайди. Бутун мамлакатда муҳтож оилалар сони Украинада уруш бошлангандан бери кун сайин ортиб бормоқда. Турли хайрия ташкилотлари танг аҳволдаги аҳолига ёрдам бериш учун озиқ-овқат тарқатмоқда. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Шундай ташкилотлардан бири бўлган Aluche ўзаро ёрдам тармоғи ҳозирда 350 оилага ёрдам бериб келмоқда, уюшма озиқ-овқат банки ёрдамида ҳафтасига етти тонна озиқ-овқат тарқатмоқда.
“Қабул қилувчиларнинг баъзилари даромадга эга эмас. Кам нафақага эга пенционерлар ёки ишлаётган, лекин маоши етарли бўлмаган одамлар кўпайиб бормоқда. Айрим оилалар учун ҳатто бир литр зайтун мойи ёки бир килограмм ясмиқ сотиб олиш қийин бўлиб қолди”, дейди уюшма вице-президенти Элена Бермежо.
Испаниянинг чап қанот ҳукумати сўнгги ойларда одамларга ижтимоий ёрдам бериш учун чоралар кўрди. Аммо ижтимоий ҳимоя гуруҳлари бу етарли эмаслигини айтишади.
“Инфляция даражасининг ошиши билан хайриялар ҳам камайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Муаммо шундаки, нархлар ошиши биз сотиб оладиган озиқ-овқат миқдорининг ҳам камайишига сабаб бўлади”, дейди Испания озиқ-овқат банклари федерацияси вакили Луис Мигель Руперес.
Федерация Мадридда 186 000 дан ортиқ ва бутун Испанияда 1,35 миллион кишига ёрдам беради – бу деярли Барселона шаҳрига тенг. Аммо ташкилот январь ойидан бери 125 минг тонна озиқ-овқат йиға олган, ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 131 минг тоннага тенг эди.
Испания Миллий Статистика Институти маълумотларига кўра, октябрь ойида озиқ-овқат нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,4 фоизга ошган, бу қарийб 30 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткичдир. Ҳатто, шакар нархи 42,8 фоизга, сабзавотлар эса 25,7 фоизга қимматлашган.
Live
Барчаси