Испания ва Португалияда юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди
Олам
−
12 Февраль 2526 2 дақиқа
Испания ва Португалияда кучли ёмғир ҳамда шамол сабаб ҳудудларда юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Довуллар дарахтларни қулатиб, транспорт қатновини издан чиқарган, айрим ҳудудларда мактаблар ёпилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Португалиянинг Коимбра шаҳри яқинида дамба ёрилиши оқибатида А1 автомагистралининг бир қисми қулаб тушган. Испаниянинг Галисия, Кантабрия ва Баск ҳудида йил бошидан бери саккизинчи бўрон — “Nils” келиши ортидан энг юқори қизил огоҳлантириш жорий этилган. Метеорологлар баландлиги 9 метргача етадиган тўлқинлар ҳақида огоҳлантирган.
Каталонияда тезлиги 105 км/соатдан ошган шамол дарахтларни қулатиб, автомобиль ва темирйўл ҳаракатини тўхтатган. Расмийлар дарслар ва спорт тадбирларини бекор қилган, зарур бўлмаган тиббий хизматлар чеклаб қўйилган. Аҳолига уйда қолиш ва ортиқча сафарлардан тийилиш бўйича фавқулодда хабар юборилди. Барселона аэропортида 100 дан ортиқ рейс бекор қилинган, бироқ яқин соатларда парвозлар босқичма-босқич тикланиши кутилмоқда.
Португалияда эса тропик намликни олиб келувчи “атмосфера дарёси” ҳодисаси кучли ёғингарчиликни юзага келтирган, айниқса шимолий ҳудудларда 3 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган. Мамлакат метеорология хизмати Атлантикадан “Ориана” бўрони яқинлашаётгани ҳамда бугун, 12 февраль куни ва эртага, 13 февраль куни мамлакат бўйлаб кучли ёмғир ва шамол кузатилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалия Ички ишлар вазири Мария Лусия Амарал Португалияни қамраб олган довулдан кейин мамлакатда юзага келган инқирозли вазият сабабли жиддий танқидларга учрагани ва бунинг ортидан лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Мусулмон Содиқ