Исломободда ва Андижонда Бобурга ҳайкал қўйилади

Жамият

image

Покистоннинг Исломобод шаҳрида ва Андижон вилоятидаги Бобур шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда бугун, 20 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган турли соҳаларидаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимотида келтирилган.

Қайд этилишича, давлат раҳбарига Андижон вилояти Бобур шаҳрида барпо этиладиган меъморий ансамбль таркибида буюк давлат арбоби, саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган муҳташам ҳайкал ўрнатиш лойиҳаси тақдимот қилинган.

Буюк аждод хотирасини муносиб улуғлаш, унинг бой илмий-адабий мероси, давлатчилик тафаккури ва жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини ёш авлодга чуқур етказиш мақсадида ушбу ёдгорликни алоҳида мазмун ва бадиий ечим асосида яратишга алоҳида берилмоқда.

Президентга бўлажак ҳайкалнинг эскизлари, композицион ечими ва Бобур сиймосини акс эттириш бўйича илмий-бадиий ёндашувлар ҳақида ахборот берилган. Қайд этилишича, буюк тарихий шахс образи мамлакат олимлари томонидан хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар, кўплаб тарихий манбалар, қўлёзмалар, миниатюралар ва маданий мерос намуналарини чуқур ўрганиш асосида яратилмоқда.

Шу билан бирга, Президентнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида Исломобод шаҳридаги боғлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталган эди. Мазкур боғда ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ўрнатиладиган ҳайкал лойиҳаси кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари ёдгорликларни яратишда Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини нафақат буюк адиб ва шоир, балки моҳир саркарда, қудратли давлат асосчиси ва донишманд ҳукмдор сифатида теран очиб бериш зарурлигини таъкидлаган. Унинг иродаси, давлатчилик салоҳияти, юксак маънавияти ва бунёдкорлик ғоялари ҳайкалнинг умумий қиёфасида яққол ифода топиши лозимлиги қайд этилган.

Президентга Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати моддий-техник базасини такомиллаштириш, Бухоро шаҳрида туризм ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туманлардаги маданият уйларини модернизация қилиш юзасидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот берилган.

Давлат раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириб, илғор тажриба асосида пухта ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон ҳайкал Исломобод Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг