Ислом Махачев самбо бўйича жаҳон элчисига айланди
Спорт
−
16:52 470 1 дақиқа
Россиялик аралаш яккакураш устаси, UFC ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Ислом Махачев расман самбо бўйича глобал элчи этиб тайинланди. Тақдирлаш маросими кеча, 18 февраль куни Лужники шаҳрида Халқаро самбо федерацияси (FIAS) президенти Василий Шестаков билан учрашув чоғида бўлиб ўтди.
Шартномага FIAS президенти Василий Шестаков ҳамда Махачев имзо чеккан. Маросим давомида ташкилот раҳбари жангчига федерация лавҳаси ва логотипи туширилган махсус курткани топширган.
Шестаков ўз нутқида ушбу воқеани самбо мухлислари учун муҳим ҳодиса сифатида баҳолаган.
“Бугун барча спорт мухлислари, айниқса самбо ишқибозлари учун қувончли кун. Жанговар самбо бўйича жаҳон чемпиони ва UFC’нинг бир нечта вазн тоифаларида чемпион бўлган ҳурматли спортчимиз Ислом Махачев самбо бўйича жаҳон элчиси бўлишга рози бўлди. Ишончим комил, у федерациямиз учун муносиб элчи бўлади”, дейди Шестаков.
Маълумот учун, 2025 йил 16 ноябрь куни Ню-Йоркда ўтказилган UFC турнирида Махачев австралиялик Жак Делла Маддаленани ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарори билан мағлуб этиб, ярим ўрта вазн тоифаси чемпионлик камарини қўлга киритганди.
Доғистонлик жангчи аввалроқ енгил вазн тоифасида ҳам чемпион бўлган ва шу тариқа UFC тарихида икки вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган илк россиялик спортчига айланганди.
Live
Барчаси