Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан берилади
Жамият
−
11:16 599 2 дақиқа
2026–2027 йилги иситиш мавсумида Ижтимоий реестрга киритилган ва ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича унга киритиш мезонларига мос келадиган айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Маблағлар 2026 йил ноябрь ойида берилади. Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 28 октябрдаги ПФ–236-сонли фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, моддий ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга, шунингдек, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида реестрга киритилмаган, бироқ белгиланган мезонларга мос келадиган оилаларга ажратилади.
Бунда оиладаги ҳар бир кишига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар ҳам моддий ёрдам олади. Бундай оилаларда ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромад Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан, Тошкент шаҳрида эса 3 баробаридан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади белгиланган мезонлардан юқори бўлган айрим эҳтиёжманд оилаларга ҳам ёрдам ажратилади.
Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам бир марталик моддий ёрдам олувчилар қаторига киритилган.
Live
Барчаси27 Октябрь