Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга оид Қонун қабул қилинади

Жамият

image

“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Қонун лойиҳаси 5 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб, хусусий мулкни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини фуқаролик айланмасига жалб қилиш орқали хўжалик юритувчи субъектларининг инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва уни самарали ишлатилишини таъминлашга йўналтирилган.

Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасининг тушунчаси қонуний равишда белгиланади, ер участкаларини хусусийлаштириш принциплари ўрнатилади ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар рўйхати белгиланади. Бундан ташқари, ер умуммиллий бойлик ҳисобланганлиги сабабли, ушбу лойиҳа билан хорижий фуқаролар ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентларига ер участкаларини сотиб олишда чекловлар белгиланиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида ер участкаларига хусусий мулк хуқуқини тугатишнинг махсус ҳолатлари ва ер участкаларига тегишли кўчмас мулк объектларини олиб қўйишнинг алоҳида ҳолатлари белгиланган, шунингдек мулк эгасига олиб қўйиш жараёнида етказилган зарарларни бозор қийматида қопланиши кафолатланади.

Шу билан бирга, қонун лойихасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш сохасидаги ваколатли органлар доираси, уларнинг ваколатлари ва муносабатлари белгиланади.

Шунингдек, ер участкаларининг тури ва фойдаланиш мақсадига қараб хусусийлаштириш тартибининг хуқуқий асослари белгиланади.

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу қонуннинг мақсади хусусий мулкчилик институтини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини фуқаролик муомаласига жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг инвестиция имкониятларини кенгайтириш учун ҳуқуқий асос яратишдан иборат.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Ушбу Қонунда фойдаланиладиган асосий тушунчалар

ер участкаларини хусусийлаштириш – бадални тўлаш эвазига давлат мулки бўлган ер участкасини жисмоний ва (ёки) нодавлат юридик шахслар мулкига ўтказиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси – қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари – бинолар ва иншоотлар жойлашмаган ва ҳеч қандай мажбуриятлар ёки тақиқлар ўрнатилмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари;

кўчмас мулк объекти – бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар;

сотиб олиш тўлови – жисмоний ёки юридик шахс томонидан хусусийлаштирилаётган ер участкаси учун тўланадиган миллий валютадаги пул маблағлари;

урбанизация – жамият тараққиётида шаҳарларнинг роли ва шаҳар маданиятини ошириш, шаҳар аҳолиси сонининг қишлоқ аҳолиси сонига нисбатан ошиши, шунингдек шаҳарларнинг сонини кўпайиши ва уларнинг кенгайиши билан тавсифланган жараён;

электрон онлайн-аукцион – потенциал харидорлар фойдаланишига тенг имконият яратиш учун Интернет бутунжаҳон тармоғидаги «E-IJRO AUKSION»да ер участкалари сотиладиган аукцион шаклидаги электрон савдо усули.

4-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари қуйидагилардир:

ихтиёрийлик;

бадал тўлаш эвазига;

хусусийлаштирилаётган ер участкалари ва уларга тегишли кўчмас мулк объектларининг умумийлиги;

ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини очиқлиги.

5-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига хусусий мулк хуқуқи

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган хусусий мулк хуқуқи ер участкасининг тўлиқ қиймати тўланган (сотиб олинган) вақтдан бошлаб уни хусусийлаштириш натижасида юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкасига хусусий мулк ҳуқуқи давлат хусусийлаштириш ордери билан тасдиқланади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

6-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари

Хусусийлаштириш объектлари қуйидагилардан иборат:

фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ер участкаларида жойлашган юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилаётган ёки уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкалари;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига умрбод мерос эгалик ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва турар-жойига хизмат кўрсатиш учун бериладиган ер участкалари;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошидаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига тақдим этилган яшаш учун яроқсиз уй-жойлари мавжуд бўлган ҳудудлар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилмайди, агарда:

ҳудудида давлат мулкига тегишли бўлган хусусийлаштирилмайдиган объектлар ва (ёки) устав фондида хорижий капиталнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган корхоналар бўлса;

табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, рекреацион ва тарихий-маданий мақсадларда, шунингдек ўрмон ва сув ресурслари, шу жумладан каналлар ва бошқа сув объектларининг қирғоқ зоналари таркибига кирувчи ерлар бўлса;

уларга нисбатан суд ишлари олиб борилаётган бўлса, хамда тегишли қарор кучга киргунга қадар.

7-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва юридик шахслар – устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ чет эл капитали бўлган Ўзбекистон Республикаси резидентлари хусусийлаштириш хуқуқига эга бўла олмайди.

8-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштирган мулк эгаларининг ҳуқуқлари

Хусусийлаштирилган ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари:

давлат, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, хусусийлаштирилган ер участкасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш;

хусусийлаштирилган ер участкасини мустақил бошқариш;

лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилган тартибда уй-жой, саноат, маданий-маиший ва бошқа бино ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш;

хусусийлаштирилган ердан гаров сифатида фойдаланиш;

хўжалик жамияти ёки ширкатининг устав капиталига улуш сифатида киритиш;

ер участкасини ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкаси жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган тақдирда ҳаражатлар ва зарарлар (шу жумладан йўқотилган фойда)ни қоплаш учун;

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, хусусийлаштирилган ер участка эгалари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

9-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштирган мулк эгаларининг мажбуриятлари

Хусусийлаштирилган ер участкалари эгаларининг мажбурияти:

ер участкасидан фойдаланишда шаҳарсозлик регламентлари, қурилиш, экологик, санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа қоидалар ҳамда нормативларга риоя қилиш;

бошқа ер участкалари эгаларига етказилган зарарларни ўрнатилган тартибда қоплаш;

қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибга мувофиқ сервитутларни тақдим этишни таъминлаш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бажариш.

10-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларининг хусусий эгаларининг ҳуқуқий кафолатлари

Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланади (фуқаролик муомаласи объектлари) ва дахлсиздир.

Ўзбекистон Республикаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи давлат томонидан ҳимояланади.

Ер участкаси ва унга тегишли кўчмас мулк объектларини хусусий мулк эгасидан олиб қўйиш, мулкни национализация ва реквизиция қилиш холларида мулк эгасига унинг қийматини хамда мулкдорга олиб қўйиш жараёнида етказилган зарарлар тўлиқ қопланиши билан амалга оширилади.

11-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқини тугатилиши

Хусусийлаштирилган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:

суд қарори асосида ер участкасини мусодара қилиш;

ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ерни олиб қўйиш;

суд қарори ва (ёки) ижро ҳужжатлари асосида ер участкаси ундирувга қаратилганда.

12-модда. Ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқини тугатишнинг алоҳида ҳолатлари

Ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқини тугатишнинг алоҳида ҳолатлари қуйидаги ҳолатларда вужудга келади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари эгаси бўлган жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганида;

хусусий мулкида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига эга бўлган юридик шахснинг устав фондидаги чет эл капитал улушини 50 ва ундан кўпроқ фоизгача оширилганида;

ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда мулк эгаси алоҳида ҳолат юзага келганидан олти ой ўтгач ер участкасидан фойдаланиш ва (ёки) уни кейинчалик эгалик ва фойдаланиш, шунингдек хусусийлаштириш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда хусусий эгалик қилиш ҳуқуқини йўқотади. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ер участкасига ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно.

13-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасини олиб қўйиш

Хусусийлаштирилган ер участкаси ёки унинг муайян қисмини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақатгина қуйидаги мақсадларда рухсат этилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги эҳтиёжлари учун тақдим этиш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

аҳоли пункти ҳудудини функционал зоналашни ташкил этиш қисми бўйича ҳудудларни ривожлантириш ва қурилиш ишларини олиб бориш юзасидан шаҳарсозлик ҳужжатлари талабларини амалга ошириш;

шаҳарсозлик ҳужжатлари, шунингдек бошқа ҳолларда тўғридан-тўғри кўзда тутилган қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида кўзда тутилган йирик шаҳарсозлик қиёфасини шакллантирувчи объектларнинг қурилиши;

хусусийлаштирилган ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш махаллий ҳокимият органлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Мазкур моддада назарда тутилмаган мақсадларда хусусийлаштирилган ер участкасини тортиб олиш ноқонуний ҳисобланиб, суд тартибида шикоят қилиниши мумкин. Суд қарори кучга киргунига қадар суд ишида кўриб чиқилаётган ер участкасининг мақомига таъсир қилувчи битимларни амалга ошириш тақиқланади.

14-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

доимий фойдаланишда ёки умрбод мерос қилиб қолдириладиган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиниши;

электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаларини сотиш.

2-боб. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли органлар

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкаларни хусусийлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боради;

ер участкаларни хусусийлаштириш шартлари ва тартибини белгилайди;

хусусийлаштирилаётган ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш тартибини белгилайди;

ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

16-модда. Маҳаллий ҳокимият органлари

Маҳаллий ҳокимият органлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкалари, яшаш учун яроқсиз уй-жойлар жойлашган ҳудудлар, шунингдек фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотлар инвентаризациясини ташкил этади;

электрон аукционга қўйилган бўш турган ер участкаларини рўйхатини тасдиқлайди;

ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни шакллантиради;

ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.

17-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

бўш турган ер участкалари инвентаризацияси ва рўйҳатини шакллантиришнинг назоратини олиб боради;

электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаларининг сотувини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасида ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган барча маблағларни кейинчалик урбанизация жараёнларини ривожлантиришда мақсадли фойдаланиш учун жамғаради. 

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер участкаларини хусусийлаштиришнинг очиқ ва ошкора механизмини ташкил этишни таъминлайди;

кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтиради;

хусусийлаштирилган ер участкалари бўйича барча ваколатли органлардан маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади.

19-модда. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида:

ер тузиш ва ер участкаларини инвентаризация қилишни амалга оширади;

эр участкалари хариталари ва зоналарини тузади;

бўш турган ер участкаларининг рўйхатини юритади;

хусусийлаштирилаётган ер участкалари ҳудудини ва чегараларини белгилайди;

хусусийлаштириладиган бўш турган ер участкаларини аниқлаш учун материаллар тайёрлайди;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ва тузиладиган битимларни давлат рўйхатига олади;

ер участкалари бўйича мулк ҳуқуқи ва бошқа эгалик билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтказилиши, чекланиши ва бекор қилиниши, шунингдек улар билан бошқа битимлар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритади.

20-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлиги

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мазкур Қонун талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларига тааллуқли маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш орқали ўзаро ҳамкорликни амалга оширадилар. 

3-боб. Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк объекти жойлашган ҳудудда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби

21-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш учун асос

Ўзбекистон Республикаси давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний ёки юридик шахс томонидан тақдим этилган ариза жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳудудларида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

22-модда. Аризани кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари

Жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ер ресурслари ва давлат кадастри, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиология хизматлари вакиллари аъзолигида доимий комиссиялар ташкил этилади.

Хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиялар олинган аризаларни улар келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади ва ер участкасини хусусийлаштириш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида хулосани асослаган далиллар асосида беради.

Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда Хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиялар ариза ва кўчмас мулк объектининг кадастр ҳужжатини Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаларига уларнинг ҳузуридаги Архитектура-шаҳарсозлик Кенгашидан ижобий ёки салбий хулоса олиш учун юборишади.

23-модда. Хусусийлаштириш тўғрисида қарор

Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ижобий хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси шаҳар ва туманлари ҳокимлари томонидан 5 иш куни мобайнида қабул қилинади.

24-модда. Хусусийлаштирилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларининг қиймати

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ҳудудларда хусусийлаштирилаётган ер участкаларининг қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

25-модда. Сотиб олиш тўлови

Хусусийлаштириладиган ер участкалари учун сотиб олиш тўлови хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн иш кунлик муддат ичида бир маротаба амалга оширилади.

Сотиб олиш тўлови белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор ўз кучини йўқотади.

4-боб. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган  ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби

26-модда. Хусусийлаштириш мумкин бўлган бўш турган ер участкаларини аниқлаш

Хусусийлаштириш мумкин бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари урбанизация мақсадларида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қошидаги Урбанизация агентлиги томонидан аҳоли пунктлари ва ҳудудларнинг бош режаларига мувофиқ аниқланади.

27-модда. Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш

Бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

28-модда. Ариза бериш

Электрон онлайн-аукционга бўш турган ер участкаларини жойлаштириш аризаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан шакллантирилган бўш турган ер участкалари рўйҳатидан келиб чиққан ҳолда берилади.

29-модда. Электрон онлайн-аукцион ўтказиш тартиби ва шартлари

Электрон онлайн-аукцион ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланади.

30-модда. Ер участкаларининг бошланғич қиймати

Ер участкаларининг бошланғич қиймати электрон онлайн-аукционга қўйилиш вақтида уларнинг бозор қийматига тенг қилиб белгиланади.

5-боб. Якуний қоидалар

31-модда. Низоларни ҳал қилиш

Қишлок хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш борасида келиб чиққан низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32-модда. Қишлок хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Қишлок хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.

33-модда. Мазкур Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, етказиш ва ижросини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар мазкур Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, етказиш ва ижросини таъминлаш чораларини қўрсинлар.

34-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу қонун 2019 йил 1 июлидан кучга киради.
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ер участкаларини хусусийлаштириш

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар