Хитой Ҳиндистонни ўз суверенитетини бузишда айблади
Олам
−
31 Август 2020
8429Хитой-Ҳиндистон чегарасида яна зиддиятли вазият юзага келди. Расмий Пекин ҳиндистонлик ҳарбийлар чегара назорат ҳудудини ноқонуний кесиб ўтганига норозилик билдирди. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлиги шундай баёнот билан чиқди.
“31 август куни ҳинд аскарлари икки томон турли даражадаги музокаралар натижасида эришган келишувга зид равишда Пангонг-Цо кўлининг ўнг соҳилидаги чегара назорат чизиғини ноқонуний кесиб ўтишди. Бу очиқча ташвиқот ва чегара ҳудудида кескинликни оширишдир”, дейилади Хитой томони баёнотида.
Баёнотда Ҳиндистон Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини бузишда айбланган.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги аввалроқ, Ладах регионида Хитой ҳарбийлари билан қуролли тўқнашув юз бергани ҳақида маълум қилганди. Ҳозирда икки давлат баёнотида айни ҳодисалар ҳақида гап кетяптими ёки йўқ, аниқлик киритилмаган.
Маълумот учун, Ладахда вазият жорий йилнинг май ойидаёқ ёмонлашганди. Бунга икки давлат ҳарбийлари тоғ устидаги Пангонг кўли атрофида тўқнашиши сабаб бўлганди. Шундан сўнг, Хитой ва Ҳиндистон чегарадаги ҳарбийлари сонини орттирганди.
Можаронинг янги тўлқини 15 июнда Галван водийсида ҳарбийлар жанжаллашганидан кейин бошланганди. Жанжалдан сўнг, Ҳиндистон 20 нафар аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. Хитой эса қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот бермади.
Ҳарбий қўмондонлари ва дипломатларнинг музокараларидан сўнг, икки давлат ҳарбийлари аввалги нуқтасига қайтди. Аммо можаро тўлиғича бартараф этилмади.