Инсон тақдирини “саводсиз” судьялар ҳал қиладими? Изоҳ берилди

Жамият

image

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига кириш синовларининг иншо босқичида айрим талабгорлар ноль балл олгани ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Унда “мана, судьяликка номзодларнинг аҳвол-савияси, эртага шулар инсон тақдирини ҳал қиладими, қонун устуворлигини шулар таъминлайдими?” сингари фикр-мулоҳазалар билдирилган. Судьялар олий кенгаши ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларини топшираётганлар, кўпгина хабарларда айтилаётгани каби судьяликка номзодлар эмас, балки талабгорлар ҳисобланади. Талабгор судьяликка номзод бўлиши учун кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, курс тингловчиси бўлиши ҳамда уни муваффақиятли битириши шарт.  

“Шу босқичлардан ўтган мутахассисгина судьяликка номзод бўлиши мумкин. Бироқ шунда ҳам судьялик лавозими кафолатланмайди. Олдинда яна бир довон борки, энди номзод Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиладиган бўш судьялик лавозимлари учун очиқ танловда иштирок этиши керак. Очиқ танлов муқобиллик асосида ўтказилиб, муносибларгина судьялик лавозимига тайинланаётгани жамоатчиликка маълум.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларининг иншо босқичида 50 дан ортиқ мавзулар ичидан 3 таси талабгорлар томонидан ёпиқ конвертлар орасидан таваккалчилик асосида танлаб олинади. Танлаб олинган мавзулар бўйича ёзилган иншо дафтарларининг муқоваси олиниб, биринчи варағига махсус шифр қўйилган ҳолда (шу тариқа талабгорлар шахссизлантирилади, бундан мақсад холисликни таъминлаш, турли шубҳа ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдир) махсус баҳоловчи комиссияга топширилади. Талабгорлар иншо ёзилган дафтар варақларига (муқовасига эмас) ўз исми-шарифини ёзиши ёки бирор бир кўзга яққол ташланадиган белги қўйиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда 0 балл қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Кириш синовларининг айни шу босқичида 8 нафар талабгорга юқоридаги тартибларга риоя қилмагани учун 0 балл қўйилди”, дейилади Судьялар олий кенгаши изоҳида.

Акобир Сайидов 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг