Илҳом Алиев Жўлонийни Озарбайжонга таклиф қилди

Олам

image

Бугун, 11 апрель куни Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Сурия Араб Республикасининг ўтиш давридаги президенти Аҳмад аш-Шара ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Илҳом Алиев Сурияда рўй берган ўзгаришлардан мамнунлигини билдириб, Аҳмад аш-Шарани ушбу воқеа билан табриклаган.

Давлат раҳбари содир бўлган ўзгаришлардан сўнг қисқа вақт ичида ушбу мамлакатга Озарбайжон делегацияси юборилгани, узоқ вақт давомида Асад режими сиёсати туфайли ишламаган Озарбайжоннинг Суриядаги элчихонаси ўз фаолиятини тиклаганини айтган.

“Президент Илҳом Алиев Озарбайжон мамлакатда барқарорликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган Суриядаги тикланиш жараёнида иштирок этишга тайёрлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Аҳмад аш-Шара ҳам ўз навбатида Озарбайжон томонидан кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирган.

У Озарбайжоннинг Сурияни келажакда энергетика, инфратузилма ва хавфсизлик соҳаларида қўллаб-қувватлаши муҳимлигини таъкидлаган.

Суҳбат чоғида Озарбайжон-Сурия-Туркия уч томонлама ҳамкорлик форматини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.

“Учрашувда икки мамлакатнинг юқори мартабали расмий делегациялари ва ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифлари тўғрисида келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

Илҳом Алиев  учрашув давомида  Аҳмад аш-Шарани Озарбайжонга таклиф этган. Суриянинг янги раҳбари эса ушбу таклифни миннатдорлик билан қабул қилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 11-13 апрель кунлари Туркияда тўртинчи Анталия дипломатия форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумга 140 га яқин давлатдан 450 га яқин вакил ташриф буюрган. Тадбир Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳомийлигида “Парчаланган дунёда дипломатияни тиклаш” шиори остида ўтказилмоқда. Уч кунлик форумда Яқин Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақаси, шунингдек, иқлим ўзгариши, терроризмга қарши кураш, гуманитар ёрдам, рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сунъий интеллект каби кенг кўламли мавзулар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анталия дипломатия форуми доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Озарбайжон Илҳом Алиев Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг