ИИБдан ўлиги чиққанлар масаласи Президент ўтказаётган йиғилишда муҳокама қилинди
Жамият
−
30 Июнь 2020
22521Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда. Давлат раҳбари ушбу йиғилишда жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ, май ойида Андижон шаҳар ИИБдаги терговлар натижасида икки кишининг вафот этишига эътибор қаратиб, масъулларни қаттиқ танқил қилди.
“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.
Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, дейди Мирзиёев.
Президент сўзида давом этаркан, ҳолат бўйича масъул бўлган раҳбарлар ҳамон айбини бўйнига олиб, чиқиш қилмаганини қоралади:
“Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар (Холмахматов, Фозилов, Таджиев), ички ишлар раҳбарлари (Собиров, Тасбаев, Сатволдиев) бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларни билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар?
Бу каби нохуш ҳолат такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда”.
Президент Қашқадарё ва Андижондаги жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
LiveБарчаси