Гутерриш ривожланаётган мамлакатларга ҳар йили 100 млрд беришни таклиф қилди
Олам
−
26 Октябрь 2021 4740 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш учун ҳар йили 100 миллиард доллар ажратишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 26 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлаган.
“Табиатни сақлаб қолиш борасидаги мақсадларга эришиш учун биз ривожланаётган дунё мамлакатларига иқлим муаммоларини молиялаштириш учун ҳар йили 100 миллиард доллар ажратишимиз керак”, дейди Гутерриш.
Гутерриш, шунингдек, 2040 йилдан кечиктирмай кўмирда ишлайдиган электр станцияларидан бутунлай воз кечиш ва қазиб олинадиган ёқилғиларни, шунингдек, ифлослантирувчи саноат корхоналарини субсидиялашни тугатиш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида икки ҳафталик COP-26 – иқлим конференциясига старт берилади. Ушбу конференция ўтган йили бўлиб ўтиши керак эди, аммо COVID-19 пандемияси туфайли унинг вақти бир йилга кечиктирилган. Анжуман ишида иштирок этиш учун Глазгога 20 мингга яқин киши келади, жумладан, 120 дан ортиқ давлатнинг ҳукумат раҳбарлари ҳам унда иштирок этади. Конференцияда мамлакатларнинг иссиқхона газлари чиқиндиларига қарши курашиш мажбуриятларини ошириш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил якунларига кўра, республика бўйича токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотларда ҳосил бўлган жами чиқиндилар миқдори 125,6 млн тоннани ташкил этган. Энг юқори улуш Навоий вилоятида экани маълум бўлган – 48,2 фоиз. Кейинги ўринлардан Тошкент вилояти (34,6 фоиз) ва Жиззах вилояти (9,1 фоиз) жой олди.
Live
Барчаси