Гулистондаги портлаш ортидан 3 мансабдор қамоққа олинди
3-саҳифа
−
05 Декабрь 2025 9932 2 дақиқа
Аввалроқ, жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган “Bek Family Cafe” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газбаллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келганди. Мазкур портлашга тааллуқли мансабдор шахсларнинг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жами 29 нафар фуқаролар турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган. Олган тан жароҳатлари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган.
Беморлардан 5 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, қолган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192¹¹-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 257-моддаси ( Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а,б“ бандлари ва 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а,б“ бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, “Bek Family Cafe” МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ҳозирда, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идораларнинг мутахассисларидан ташкил топган тергов гуруҳи томонидан барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
“Тергов жараёни назоратга олинган бўлиб, якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади ҳамда жамоатчиликка ахборот берилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулистондаги портлаш қурбонларининг оилаларига 100 млн сўмдан берилиши маълум қилганди.
Live
Барчаси