Грузиянинг собиқ бош вазири сиёсатни тарк этмоқда
Олам
−
25 Апрель 3074 2 дақиқа
Грузиянинг собиқ бош вазири, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси раиси Ираклий Гарибашвили ўз лавозимини тарк этиб, сиёсатдан кетмоқда. Бу ҳақда у бугун, 25 апрель куни бўлиб ўтган махсус брифингда маълум қилди.
“Сиёсатга қайтганимда зиммамга юклатилган шарафли вазифани бажариш учун аввал мудофаа вазири, кейин иккинчи марта бош вазир этиб тайинландим ва ниҳоят партия раиси этиб сайландим, айтиш мумкинки, уни бажардим. Энди мен партия раиси лавозимида ва умуман сиёсатда қолиш заруратини кўрмаяпман, шунинг учун “Грузия орзуси” раиси лавозимини тарк этиб, сиёсатдан кетишга қарор қилдим. Мен мамлакатимга бошқа позициядан туриб хизмат қилишда давом этаман”, деган Гарибашвили.
Шунингдек, у “Грузия орзуси” асосчиси Бидзина Иванишвилига бир неча бор миннатдорлик билдирган.
“Албатта, мен бутун сиёсий фаолиятим билан боғлиқ бўлган 2012 йил 1 октябрдаги ғалабанинг асосий ютуғи, идеаллари, қадриятлари ва тамойилларига содиқ қоламан. Бинобарин, мен жаноб Бидзина Иванишвили жамоасининг ҳам, мамлакатимизнинг ҳам содиқ ҳарбийси бўлиб қоламан. Менга мамлакатдаги энг юқори сиёсий лавозимларда Грузияга хизмат қилишдек ноёб имкониятни тақдим этган жаноб Бидзина Иванишвилига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман”, деган у ўз нутқида.
Гарибашвили фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини, тафсилотлар кейинроқ маълум бўлишини айтган. У партия раиси лавозимини ким эгаллаши ҳақида аниқлик киритмаган.
Шунингдек, у “Грузия орзуси”га мухолифат сифатида сиёсатга қайтиш имкониятини рад этган.
Маълумот учун, “Грузия орзуси” мамлакатда ҳукмрон партияга айлангандан кейин Ираклий Гарибашвили икки марта бош вазир, ички ишлар вазири ва мудофаа вазири бўлган. Бош вазир лавозимидан истеъфога чиққанидан сўнг, у партия раиси лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматларини мамлакатдаги демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин янада ёмонлашгани сабабли Грузия ҳукуматига нисбатан энг қаттиқ чораларни кўришга чақирган эди. Европарламент депутатлари Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни “Грузия орзуси”нинг бир партияли парламенти қонунийлигини тан олмасликка ва ўзини Грузия ҳукумати деб эълон қилган ҳокимиятни бойкот қилишга ҳам чақирганди.
Live
Барчаси