Ғозғонда тошни кайта ишлаш бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик кластер ишга туширилди

Бизнес

image

Навоий вилоятида Ғозғон шаҳрида ишлаб чиқариш қуввати бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Мармаробод” деб номланувчи табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш кластери иш бошлади. 

Мамлакатимизда табиий пардозбоп тошларга бўлган талаб йил сайин ортиб бораётганлигини инобатга олиб ҳамда Ғозғон тошларининг шуҳратини қайта тиклаш ва унинг бой захирасидан унумли фойдаланиш мақсадида Президентимиз 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил этиш таклифини билдирган эди.

Ўтган қисқа муддатда ушбу ташаббуснинг амалдаги ижроси рўёбга чиқарилди. Хусусан, “Ўзмиллийбанк”нинг “НБУ Газган инвест” махсус инвестиция компанияси ташкил этилиб, умумий ер майдони 37 гектарни эгаллаган кластер яратилди ва унинг таркибида умумий қиймати 52 млн долларга тенг 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу кластер янги ташкил этилган Ғозғон шаҳри учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарнинг барпо этилиши айнан мана шу йирик мажмуанинг қурилишидан бошланди. Энг асосийси, бу кластердан асосий мурод ички бозорни шу кунгача республикамизга хориждан валюта ҳисобига келтирилаётган импорт ўрнига арзон ва сифатли маҳсулот билан таъминлашдан иборат. Албатта, корхоанинг режалари катта бўлиб, келгусида халқаро бозорларга чиқиш ва маҳсулотлар экспортини ташкил қилишдан иборат.  

“Мармаробод” МЧЖ корхонаси ушбу кластернинг асосий бўғини, яъни табиий тошларни қазиб олиб, ўзида қайта ишлаш билан бирга бошқа корхоналарларни ҳам хом-ашё билан таъминловчи корхона ҳисобланади.

Корхона ҳудудида майдони 11 000 кв метр бўлган замонавий ишлаб чиқариш биноси қуриб битказилди ҳамда хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Ушбу ускуналарнинг йиллик қуввати 70 минг куб тош қазиб олиш ва 800 минг кв метр тошни қайта ишлашга мўлжалланган.

Ушбу завод ишга тушиши натижасида дастлабки босқичда ғозғонлик маҳаллий ёшлар учун 400 та янги иш ўринлари яратилган бўлса, қолган лойиҳалар ишга тушганда иш ўринлари сони 800 тага етказилади.

Бундан ташқари, кластер таркибида ғозғонлик маҳаллий тадбиркорлар учун 10 та ишлаб чиқариш бинолари ҳам барпо қилинди ҳамда корхона ҳудудида банк хизматлари маркази, сервис маркази, ўқув маркази, эҳтиёт қисмлар ва дастгоҳлар сотиш дўкони ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, кластер тайёр маҳсулотларини сотиш мақсадида “Ўзмиллийбанк”нинг вилоят бўлимлари қошида “Табиий тошларни сотиш офислари” ташкил қилинмоқда. Тошкентдаги Ўрикзор даҳасида “Мармаробод” МЧЖ кўргазма заллари (show room) очилди. 

Хулоса ўрнида, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу кластер маҳсулотлари нафақат юртимизда, балки халқаро бозорларда ҳам ўз ўрнига эга бўлиши, корхона ривожланиши билан бевосита Ғозғон шаҳрининг иқтисодий ва экспорт салоҳияти янада ортиши ҳамда Ғозғон шаҳрининг оддий ва меҳнаткаш халқи эса ушбу ижобий ўзгаришларни ўз турмуш тарзида яқин кунларда сезади, деб ҳисоблаймиз.

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг