Гонконгда даҳшатли ёнғин. Қурбонлар сони 40 дан ошиб кетди (видео)

Олам

image

Бугун, 27 ноябрга ўтар кечаси Гонконгда етти қаватли тураржой биноси ёниб кетди, 40 дан ортиқ одам ҳам ёниб ҳалок бўлди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.

Гонконгнинг махсус маъмурий ҳудуди раҳбари Жон Ли камида 44 киши вафот этганини, 270 дан ортиқ одам бедарак йўқолганлар сифатида рўйхатга олинганини маълум қилган.

Ёнғин шаҳарнинг шимолидаги Тай По туманида жойлашган тураржой мажмуасида бошланган. Ўт аввал бамбукдан қурилган қурилиш махсулотларида тезда тарқалиб, сўнг юқори қаватли бир нечта биноларга ўтган. 

Ёнғин хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Wang Fuk Court мажмуасидаги саккиз бинонинг камида еттитасини олов қамраб олган. Ҳалок бўлганлар орасида ёнғин вақтида алоқаси узилган ва кейинчалик куйган ҳолда топилган бир нафар ўт ўчирувчи ҳам бор.

Ҳукумат ёнғинга энг юқори – бешинчи даражадаги хавф тоифасини берган. Гонконгда бундай даража охирги бор 2008 йилда қўлланган. Ёнғин жуда тез тарқалган бўлиб, бунга кучли шамол ва учиб кетаётган чиқиндилар сабаб бўлган. Ёнғиннинг расмий сабаби ҳали аниқланмаган, лекин маҳаллий аҳолининг аввалги шикоятларига кўра, бинода таъмирлаш олиб бораётган ишчилар чекишган бўлиши мумкин.

Ёнғинни ўчириш ишларида 700 дан ортиқ ходим қатнашган. Эрталабгача бир нечта ўчоқларни тўлиқ бартараф этиш ишлари давом этган.

Шунингдек, ёнғин билан боғлиқ ҳолда 52 дан 68 ёшгача бўлган уч эркак қўлга олинган. Улар бинода таъмирлаш ишлари олиб борган қурилиш компанияси ходимлари бўлиб, икки нафари раҳбар, бири эса муҳандис-консультант экани айтилмоқда. Полициянинг маълум қилишича, биноларнинг ташқи қисмида ўрнатилган материаллар ёнғинга чидамли эмаслиги аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари компания раҳбариятини  бепарволикда айблаб, бу ёнғиннинг назоратсиз тарқалишига ва кўплаб қурбонларга сабаб бўлганини билдирган.

Хитой давлат телеканали хабарига кўра, Хитой етакчиси Си Цзиньпин ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар оилаларига таъзия изҳор қилган.

Wang Fuk Court мажмуаси 1983 йилда денгиз бўйида ва йирик автомагистраллар яқинида қурилган. У саккизта тураржой блокидан иборат бўлиб, жами 1984 та хонадон мавжуд. 2021 йилги аҳоли рўйхатига кўра, бу ерда тахминан 4600 киши яшаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хорватия пойтахти саналмиш Загреб шаҳрида 16 қаватли бино ёниб кетганди. Ҳодиса оқибатида бир нечта вазирликларнинг архивлари ёниб кетган.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Си Цзиньпин Гонконг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг