Golden House директори очиқ хатга ўз изоҳини берди
Жамият
−
16 Апрель 2021
12868“GOLDEN HOUSE DEVELOPMENT” МЖЧнинг бош директори Даврон Файзиматов Юнус Ражабий маҳалла аҳолисининг масс-медиада жойлаштирган очиқ хатига изоҳ берди.
Даврон Файзиматов
Юнус Ражабий маҳалла аҳолиси Президентга очиқ мактуб йўллади, унда қурувчининг, яъни “UNIQUE TRADE BUSINESS” ҳамда амалга оширилган кўп миллиардли девелоперлик лойиҳалари портфелига эга профессионал компаниянинг “ноқонуний ҳаракатлари”дан “ҳимоя” сўради.
Бу чиқишни эътиборсиз қолдириш мумкин эди, аммо унинг бир қисми бизни ранжитди: “UNIQUE TRADE BUSINESS” МЖЧ томонидан ноқонуний ҳаракатлар ва белгиланган Қонун меъёрларини бузиш жамиятнинг салбий қутбланишига сабаб бўлиши, сиёсий ва ижтимоий институтларга, ҳукумат ташкилотлари ва органларига ишончсизлик пайдо қилиши, аҳоли орасида норозилик кайфиятининг вужудга келиши ва ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Келинг, Юнус Ражабий маҳалласи аҳолиси аслида нимага қарши чиқмоқчи эканлигини ва, фикримча, “ишончсизлик” ва “норозилик кайфиятининг ортиши” билан қўрқитган ҳолда ҳукуматга том маънода пўписа қилаётганини кўриб чиқамиз. Мен буни манипуляция (найранг) ва иккиёқлама стандарт, деб баҳолайман. Негаки, гап хусусий мулк ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида кетмоқда.
Турар жой мажмуаси қурилиши режалаштирилаётган бино ва унинг ҳудуди хусусий мулк сифатида харид қилинган. У ерда собиқ Тошкент театр ва рассомлик институтининг ташландиқ биноси ва унинг хўжалик иншоотлари бўлган. Бизга қурилиш учун алоҳида ер участкаси ажратилмаган, биз қонунчилик меъёрларига мувофиқ бинони харид қилганмиз.
Биз ҳеч нарсани бузганимиз, олиб қўйганимиз йўқ. Бизнинг ҳаракатларимиздан ҳеч ким зарар кўргани йўқ.
Биз ҳудуддаги кўп йиллик чинорларни кесиш ниятимиз йўқ. Чунки бу бизнинг активимиз ва бу ерда сабаб мораторий бўлганида эмас, балки ҳар қандай турар жой мажмуасига ўсимликлар керак. Биз фақатгина ёш арчаларни бошқа жойга ўтказишни режалаштиряпмиз, бу дарахтлар жойлашуви ҳисобга олинган лойиҳага мувофиқ амалга оширилади.
Ҳудуд – қонунга мувофиқ ва шаҳарсозлик меъёрларига кўра, биз кўп қаватли бино қуришимиз мумкин бўлган ва бунга ҳуқуқимиз бўлган хусусий мулкдир.
Биз мавжуд канализацион ва электр тизимларини юклантирмаймиз, турар жой мажмуаси учун алоҳида инфратузилма яратамиз.
Маҳалла аҳолисининг ягона амал қилувчи шикояти – юқори қаватлар деразаларидан уларнинг ҳовлилари кўриниб туриши ва бу шикоят ҳеч қандай танқидга бардош беролмайди. Хусусий сектор билан чегарадош ҳолатда қурилган шаҳардаги юзлаб бинолар деразаларидан нима кўринса, турар жой мажмуасининг юқори қаватдаги деразаларидан ҳам худди шу нарса кўринади. Яъни томлар ва дарахтларнинг шох-шаббалари. Ўзгаларнинг ҳовлисини батафсил ўрганиш истаги бўлса, буни Google Earth ёрдамида ҳам амалга ошириш мумкин ва мен бу ерда нима дейишни ҳам билмайман. Замонавий шаҳар уйларни бир-биридан ярим километр узоқликда қуриш имконини бермайди.
Юнус Ражабий маҳалласининг нариги тарафида жойлашган тўққиз қаватли турар жой биноси ҳеч қандай саволлар туғдираётгани йўқ
Аҳоли “ноқонуний” ва “ҳуқуқларга зид” деб атаётган барча нарсалар ўзининг рухсат ва ҳужжатларига эга. Ҳамма ҳужжатлар барчага кўриши учун тақдим этилган, бунинг устига бизнинг жамоа ва шахсан мен бир неча бор аҳолига қурилиш лойиҳаси билан батафсил танишиш имкониятини тақдим этиш учун маҳалла фаоллари билан бўлган учрашувларда иштирок этганмиз. Аммо аҳоли у билан танишишни афзал кўрмади, лойиҳа билан уларнинг манфаатларини ифода этувчи адвокат танишди. Бунда ҳеч қандай ортиқча саволлар пайдо бўлмади, уларнинг бўлиши ҳам мумкин эмасди. Акс ҳолда аҳоли очиқ хат ёзиб ўтирмай, шунчаки судга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Муаммо шундаки, судга мурожаат қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ – кўриб чиқиладиган масала йўқ.
Юнус Ражабий маҳалласи ҳудудида айни дамда фаол қурилиш ишлари кетмоқда ва фақатгина кам қаватли биноларнинг қурилиши эмас.
Бироқ, мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман. Менинг кўплаб ҳамкасбларим қурувчи касби учун ачинишади. Шаҳарда кетаётган ўнлаб қурилишлар қонун бузилишисиз амалга оширилмоқда. Ўнлаб қурилиш компаниялари мулкдорлардан турар жойларини сотиб олмоқдалар, уларга тўлиқ миқдорда бадал тўламоқдалар ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаб бермоқдалар. Булар ҳақда ёзилмайди, негаки яхши нарсалар ҳақида кўпинча гапирилмайди. Эҳтимол, бу шундай бўлиши керак ҳамдир. Уйларни қурувчилар – бир нарсани, яъни бино қуришни яхши эплаганлар ва бу ишни севган инсонларгина бундай оғир юкни гарданига олиши мумкин. Бу ташқаридан кўринганидек осон бизнес эмас. Бу улкан жавобгарлик ва бу ерда кучли профессионализм талаб қилинади.
Бироқ, минг афсуски, сўнгги вақтларда дабдурустдан қурилишни пул топишнинг осон йўли, деб ўйлаган ва керакли билимларга эга бўлмаган ҳолда кенг қамровли қурилиш ишларини бошлаб юбораётган тадбиркорлар томонидан қурувчилик касбининг нуфузи ва аҳамияти тушириб юборилди. Улар кечагина бозорларда улгуржи савдо билан шуғулланиб юрган эдилар, бугун эса одамларни оз-оздан ҳам, йирик миқдорда ҳам алдашга уринган ҳолда уйлар қурмоқдалар. Шу боис ҳам мазкур соҳада тартиб ўрнатишни истаган ҳукуматимизнинг бу борадаги ҳал қилувчи қарорларини мамнуният билан қўллаб-қувватлайман. Ишонаманки, бошқа қурувчилар ҳам худди биз каби соҳада амалга оширилувчи муносиб ўзгаришларни сабрсизлик билан кутмоқдалар.
Aммо, афсуски, ҳозирги кунда қурилиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шов-шувли воқеалар кишилар томонидан жуда салбий қабул қилинмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жамият анъанавий равишда ҳар қандай қурилиш компаниясига шубҳа кўзи билан қарайди ва шунинг учун ҳам қўлидан келганча қаршилик кўрсатишга уринади.
Ташландиқ бинони бузишдан ва ушбу маҳаллада қурилиш ишларига тайёргарлик кўришдан аввал биз бўлажак қўни-қўшнилар билан суҳбатлашиб, уларнинг барча хоҳиш-истакларини инобатга олишга ҳаракат қилдик. Боиси, асосий мақсадимиз ҳам қурилиш вақтида маҳалла аҳолисининг тинчлигини максимал даражада сақлаб қолиш эди. Қурилиш жараёни вақтида мулоқотга киришган ҳудуднинг барча аҳолисининг ҳоҳиш-истакларини қайд этиб бордик. Шунингдек, мавзуга доир барча керакли ҳужжатлар ва рухсатномалар ва лойиҳа материалларини уларга таништириб бордик. Биз чиндан ҳам қўшнилар билан тинчликни сақлаб қолишни истаган эдик, гарчи буни биздан Шаҳарсозлик кодекси талаб қилмаса ҳам. Таъкидлаш жоизки, мазкур кодекснинг янги нашрида қўшниларнинг розилиги, албатта, талаб қилинади, аммо бу жиҳат қурилиши бошланган лойиҳаларга тааллуқли бўлмайди. Шундай бўлса-да, яхши ниятда ҳудуд аҳолиси билан муросага боришга уриндик.
Aфсуски, бу борада қилган барча саъй-ҳаракатларимиз натижа бермади ва Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролари биз эмас, бошқа бир компания томонидан ютқазилган “иш”ни эслаб, кутилмаганда бизга қарши “ахборот уруши” эълон қилди. Назаримда, ушбу ҳаракатнинг ўзиёқ ҳозирги шароитда қурувчи компанияларнинг судларда ишни юз фоизга ютишлари учун етарли имтиёз ва алоқаларга эга эмаслигининг яққол исботидир. Aгар қўлингизда арзирли сабаб ва далил бор бўлса ва сиз даъво очмоқчи бўлсангиз, марҳамат, даъво очинг, фақат "уларда ҳаммаси олдиндан сотиб олинган" сингари асоссиз ва иккиюзламачи айбловларсиз судга мурожаат қилинг.
Бундан ташқари, мен яна бир нарсани англаб етдимки, виждонли қурилиш ташкилотлари билан бўлган адолатсиз жанжаллар оқибатида уларнинг бозордан чиқиб кетишига ва бозорни қурувчи тадбиркорлар эгаллаб олишига аҳолининг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда. Кўриб турганингиздек, аксарият ҳолларда қурувчи тадбиркорларнинг ҳеч бири аҳолининг хоҳиш-истаклари ва манфаатлари билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Бундан ҳам ёмони эса қурилиш жараёнида хавфсизлик талабларига умуман риоя этмайди ва янги коммуникация воситалари ҳам қурмайди. Албатта, бундай кишиларга қарши курашмаслик фикридан йироқман, бундайлар билан курашиш зарур ва бу борада мен ҳам сизлар билан ҳамфикрман. Бироқ "норозилик кайфиятига" кўр-кўрона қўшилишдан аввал ҳақиқат ва қонун ким тарафида эканлигини аниқлашга ҳаракат қилинг. Энг муҳими, қаршингизда тадбиркорми ёки қурувчими, шу масалада тўғри хулосада эканлигингизга амин бўлинг.
VIEW турар жой мажмуаси ташландиқ бинолар ўрнида қурилади
Шаҳарга марказдаги эскирганидан нураб ётган институт биноси керак эмас. Бизнес нуқтаи назардан эса, биз у ерда оддий боғ яратиш билан чеклана олмаймиз ёхуд барчасини борича қолдира олмаймиз.
Юртимизда маданиятли қурилишнинг амал қилиши учун музокаралар олиб боришни ва муросага келишни ва муносабатларни барпо этишни ўрганишимиз лозим.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь