Гиёҳванд моддалар савдосида “закладчик”лик қилган шахс қўлга тушди
3-саҳифа
−
20 Февраль 2023 5433 1 дақиқа
Тошкент шаҳри Сергели туманида гиёҳванд моддалар савдосида “закладчик”лик қилган, яъни наркотикларни вақтинча сақлаш билан шуғулланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 февраль куни 30 ёшли фуқаро кўчада гиёҳванд моддаларни яширмоқчи бўлган вақтда қўлга олинган. Унинг ёнидан умумий оғирлиги 160 грамли ўзига хос ҳидли, кулранг-жигарранг модда мавжуд бўлган 50 та сумка топилган. Экспертизада унинг героин наркотик моддаси экани маълум бўлган.
Қўлга олинган шахсга кўра, унинг ўзи ҳам гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб юрган.
“Интернет дўконлардан ўзимга “дори” сотиб олдим. Бироз вақт ўтгач, улар мен билан боғланиб, ишга таклиф қилишди. Мен рози бўлдим”, дея таъкидлаган айбланувчи.
Биринчи топшириғида у бир пакетда гашиш олиб, кўрсатилган жойга яшириб қўйган. Эркак иккинчи топшириққа ҳам рози бўлган. Аммо ишни амалга ошираётган пайтида у жиноят устида қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддада 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши кўрсатилган.
Live
Барчаси