Вазирлик номи ўзгарди, экополиция тузилди, ҳужжатлар имзоланди. Табиатга хавф энди йўқоладими?

Таҳлил

Ўзбекистонда ҳаво сифати кундан кунга ёмонлашиб бораётган, одамлар тоза ҳаво оломаётганидан нолиётган, Ўзгидромет деярли ҳар куни аҳолига огоҳлантириш билан чиқиб, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, чиққан тақдирда ҳам ниқоблардан фойдаланишни тавсия қилаётган бир пайтда, мамлакат раҳбари Экология масаласига жиддий эътибор бериш масаласида нақд икки ҳужжатни имзолади-ки, агар бу ҳужжатда ёзилганлар амалда ифодасини топса, яхши ўзгаришлардан умид қилса бўлади. Бугун ушбу икки ҳужжат ҳақида гаплашамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 ноябрь куни “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Таъбир жоиз бўлса, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу икки ҳужжат аҳоли саломатлиги ҳақида қайғураётганлар, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, экологлар ва фаолларнинг ютуғи бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Ҳужжатлар билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Унинг раиси этиб, Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллайди. 

Қўмита ўз фаолиятида бевосита фақат Президентгагина ҳисобдор бўлади. Яъни Қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.

Қонуности ҳужжатларида белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Энди ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади. Бундан тушуниш мумкинки, энди экология ходимларига ҳокимлар дахл қилолмайди. 

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг октябрь ойи охирида Тошкентнинг Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганди, бу орқали табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилганди.

Ўшанда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ушбу ҳолат ҳақида бонг уриб, дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланганини айтиб чиққанди.

Аммо “дарахтлар қирғини” ортидан Раҳмоновга ҳеч қандай чора кўрилмади, у яна сувдан қуруқ чиқди. 8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Агар Президент томонидан имзоланган ҳужжатлар ишласа, юқоридаги каби ҳолатлар кўзга ташланмаслигига умид катта. 

Эндиликда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади.

Энг муҳими шуки, Давлат экологик назорат инспекцияси – оддий қилиб айтганда Экополиция ташкил этилмоқда. Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Хўш, экополиция ўзи нима иш қилади, дейсизми? Ташкилот экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга масъул бўлади. Уларга жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.

Қабул қилинган икки ҳужжат корхона ва ташкилотлар, аҳолига ҳам қатор масъулиятларни юклаши табиий. Чунки экологиянинг бузилиши фақат бир омилга боғлиқ эмас. Иссиқхона газлари бўлсин, аҳоли уйларини иситиш учун ёқилаётган мазут ёки автомобиллардан чиқаётган ажралмалар,Тошкентдаги қурилишлардаги чанг тўзон, дарахтлар қирғини, дунё миқёсида кузатилаётган экологик инқириз ва чўлланиш, глобал исиш, шаҳарлар инфратузилмасининг табиат билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилмагани, ҳаво айланиши тўсқинлик қилаётган бинолар, одамларнинг табиатга нисбатан бефарқлиги, уни асраш ҳақида фақат ҳаво бузилган кунлардагина ўйлаб қолиши каби унсурларга ҳаммамиз дахлдормиз. 

Шу боис, эндиликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифага мансуб саноат корхоналари 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилиш чораларини кўриши керак. 

Белгиланган муддатда фон мониторинг станцияларини ўрнатмаган ва уларни Миллий марказга интеграция қилмаган I ва II тоифадаги корхоналарга нисбатан компенсация тўловларини беш бараварга оширилган ҳолда қўллаш тартиби жорий этилади. 

2026 йил 1 мартдан бошлаб табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиш тарзида имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланади ҳамда ушбу масалада имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади.

Энг муҳими ва сизни хурсанд қиладиганини айтайми? Энди экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланади. Яъни Ҳукумат ва ҳокимлар дарахтлар устидан ҳукмронлик қилолмайди. 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бундан тушуниш мумкинки, дарахтларни асраб қолиш ҳуқуқи мутлақ халқнинг қўлига ўтяпти. Ҳокимларнинг, Ҳукуматнинг аррасини Президент ўтмас қилиб қўйяпти.

Дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйилади. Кадастр агентлиги эса тегишли ер майдони хусусий мулк ҳисобланмаслиги ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганиб, ижобий ҳолларда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.

Пул бўлмаса куч ҳам бўлмайди. Ўша спектаклда айтилганидек, тилни сайратадиган ҳам, дилни яйратадиган ҳам пул. Хўш, бунча ишларга пул қайдан? Экология соҳасидаги умуммиллий лойиҳалар, экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ва амалга ошириладиган лойиҳалар дастурларини молиялаштириш учун Экология қўмитаси ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилмоқда.

2026 йил 1 январдан бошлаб мамлакат томонидан тасарруф этиладиган углерод бирликлари савдоси натижасида ҳосил бўладиган маблағларнинг 20 фоизи, атроф табиий муҳитнинг ифлослантирилгани ва чиқиндиларнинг жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишида айбдор бўлган жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар, молиявий санкциялар ва пул маблағларидан ажратмалар, транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб, пневматик резина шиналар ва покришкалар учун ҳамда келгусида янги жорий этиладиган утилизация йиғимларининг 100 фоизи, транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 90 фоизи, 2025 йилда республика бюджетидан ажратиладиган 900 миллиард сўм, 2026 йилда республика бюджетидан тадбирлар учун мақсадли ажратиладиган 548 миллиард сўм Махсус жамғарма манбасини шакллантириш манбаси сифатида хизмат қилади. 

Фақат жамғарма кенгаши келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланиши керак. Махсус жамғарманинг даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби Президент Администрацияси раҳбари томонидан белгиланади.

Солиқ қўмитаси эса Экология қўмитаси билан биргаликда “Soliq” мобил иловаси орқали жисмоний шахсларга харид суммасининг ва республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширганлик учун харажатларнинг республика бюджетидан қайтариладиган қисмини ихтиёрий равишда дарахт кўчатларини экишга йўналтириш имкониятини яратиши белгиланди. 

Хўш, бу ҳужжатлардан қандай фойда бўлади? Ўзбекистонда табиатни яхшилаш, экологик муаммоларни ечиш учун нима қилиш мумкин. Сиз фуқаро ўлароқ қандай ҳисса қўша оласиз? Видеони кўриб, изоҳларда ёзиб қолдиринг.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Азиз Абдуҳакимов экология муаммоси экополиция дарахт кесиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг