Ўтмишдаги рақиб энди яқин дўст
Олам
−
31 Март 11467 11 дақиқа
Ён қўшни – жон қўшни. Албатта, Ўзбекистоннинг АҚШ, Хитой ёки Туркия каби дунё етакчилари билан яқинлашуви фойдали, аммо “бир девор ортида” яшаётган қўшнилар билан барқарор, ишончли ва дўстона муносабатлар ҳар қандай узоқдаги геосиёсий ҳамкорликдан кўра кундалик хавфсизлик ва тараққиёт учун муҳимроқдир. Афғонистоннинг ўзи бунга яққол мисол, аслида. 144 километрлик кичик жанубий чегара мана неча йилдирки, Тошкент учун асосий муаммолардан бири бўлиб келмоқда.
Шу сабабдан ҳам Ўзбекистоннинг позицияси аниқ – мустаҳкам дўстона муносабатлар ва бу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 26 март куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи ва янги “Олий давлатлараро кенгаш” номли платформанинг ташкил этилгани икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ва ривожлантиришга қаратилган янги қадамлар бўлди. Ҳарҳолда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабатлари доим ҳам бундай илиқ бўлмаган.
СССРдан қолган бош оғриқ
Собиқ Совет Республикасининг парчаланиши дунё геосисёсий майдонида улкан ўзгаришларга олиб келди. Иттифоқ таркибида бўлган қатор давлатлар бирин-кетин озодликка чиқа бошлади. Аммо барча пост-совет ҳудудларида бўлгани каби, Марказий Осиёда пайдо бўлган янги 5 давлат учун муаммолар биргина мустақилликнинг ўзи билан ҳал бўлиб қолгани йўқ. Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиё давлатлари чегараларининг қастдан чалкаш тарзда белгиланиши минтақада этник, сиёсий ва иқтисодий муаммоларни юзага келтирганди. Минтақадаги сув танқислиги ҳам келишмовчиликларнинг марказий мавзуси бўлиб келган.
1991 йилдан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқаларни қайсидир маънода “Марказий Осиёдаги совуқ уруш” деб аташ мумкин эди. Икки давлат ўртасидаги деярли тўхтаб қолган алоқалар халқлар ўртасида душманлик кайфиятининг шаклланишига олиб келди. Бунинг сабаблари кўп эди: аниқланмаган чегаралар, этник аралаш ҳудудлар, хавфсизлик таҳдидлари ва сиёсий ишончсизлик. Айниқса, Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида вазият янада кескинлашди. Бу икки давлат орасидаги ишонч деворини янада баланд қилиб, уни йиллар давомида бузиб бўлмас даражага олиб келди.
Чегаравий масалалар ҳам алоҳида муаммо эди. СССР даврида чизилган сунъий чегаралар мустақилликдан кейин реал сиёсий тўсиқларга айланди. Кўплаб ҳудудларда делимитация (бу давлатлар ўртасидаги чегарани расмий ҳужжатлар, хариталар ва келишувлар орқали аниқлаб, чизиб олиш жараёни) аниқ белгиланмагани сабабли, чегаралар фақат харитада эмас, балки одамлар онгида ҳам тортишувли чизиққа айланди. Бу эса ўз навбатида, транспорт, савдо ва ҳатто оддий инсоний алоқаларга ҳам салбий таъсир кўрсатди.
.jpg)
Роғун ГEС
Аммо энг мураккаб масала – бу сув эди. Тожикистон Амударёнинг юқори оқимида жойлашган, яъни қайсидир маънода Ўзбекистонга қанча сув кириши Тожикистон қўлида. Тожикистон учун гидроэнергетика иқтисодий омон қолиш воситаси бўлса, Ўзбекистон учун сув – қишлоқ хўжалигининг қон томири. Бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келди.
Тожикистоннинг Роғун ГEС лойиҳаси икки давлат ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирган асосий омиллардан бири бўлди. Амударёнинг ирмоғи бўлган Вахш дарёсида Роғун ГEСи қурилиши дастлаб 1976 йилда бошланган, аммо маблағ етишмаслиги, сув тошқинлари ва Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли бир неча бор кечиктирилган. Тожикистон бу лойиҳа орқали энергетик мустақилликка эришмоқчи ва Амударёнинг ирмоғи бўлган Вахш дарёси ҳавзасида 3600 МВт қувватга эга ГEС қурмоқда.
Аммо бу борада Ўзбекистон сув оқимининг камайишидан хавотир билдирди. Тўғон билан боғлиқ кескинликлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий фаолият ва савдо алоқаларининг узилишларига олиб келган. Масалан, транспорт соҳасида узилишлар юзага келди, чунки низо туфайли Душанбе ва Тошкент ўртасидаги темир йўл алоқалари ҳамда тўғридан тўғри рейслар тўхтатилди.
“ResearchGate” манбасига кўра, сув тақчиллиги Ўзбекистон иқтисодиётига катта зарар етказиши, ҳатто юз минглаб иш ўринларига таъсир қилиши мумкин. Бу низо баъзан сиёсий риторикада ҳам кескин оҳанг касб этган. Баъзи манбаларга кўра, ҳатто 2012 йилда Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов Роғун ГEСи қурилиши давом этса, уруш эҳтимоли ҳақида гапирган.
Шу фонда иқлим ўзгариши муаммоси ҳам асосий омилга айланиб борди. Хусусан, ҳарорат, ёғингарчилик ва қор эриши дарёлар оқими ҳамда сув таъминотига таъсир ўтказиши, сув тошқинлари ва бошқа иқлим билан боғлиқ хавфлар эса инфратузилмани йўқ қилиши мумкин. Бунга яққол мисол —1993 йилдаги Роғун тўғони қурилиши билан боғлиқ инфратузилмага зарар етказган сув тошқинлари.
.jpg)
Ангрен-Поп темир йўли
Муносабатларнинг ёмонлашувига туртки бўлган яна бир омил бу “логистик чирмовиқлар”дир. Иттифоқ даврида қурилган логистика йўллари 1991 йилдан кейин янги мустақил давлатлар учун муаммолар туғдира бошлади. Ўзбекистон, ҳатто Тошкентни Фарғона водийси билан боғлаш учун Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилоятини кесиб ўтувчи Совет даврида ташкил қилинган 110 километрлик темир йўл тизимидан фойдаланишга ва бу учун йилига тахминан 25 миллион АҚШ доллари тўлашга мажбур эди.
Бундай ноқулай логистика тизимидан воз кечиш учун Ўзбкистон 2013 йилда янги “Ангрен-Поп” темир йўл лойиҳасини ишлаб чиқди. Бунинг ортидан Тошкент ва Фарғона водийсини Қамчиқ довони орқали боғлаш ва Тожикистондаги темир йўлдан воз кечиш кўзланганди. Бу эса Душанбега жиддий иқтисодий зарба берарди.
1,9 миллиард АҚШ долларилик лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, 2016 йилда якунланди. Айтиш жоизки, бунгача ҳам Ўзбекистон аллақачон Фарғона водийсига автомобиль йўли орқали юк ташир эди, фақатгина нефть ва нефть маҳсулотларини пойтахтдан водийга ва аксинча етказишда халқаро темир йўлдан фойдаланиб келинган.
Алюминий қазиб олиш
Совет Иттифоқи парчалангач, Марказий Осиёда энг оғир иқтисодий зарбани қабул қилган давлатлардан бири Тожикистон бўлди. Аввал ягона тизимга боғланган ишлаб чиқариш занжирлари узилди, устига-устак 1992–1997 йиллардаги фуқаролар уруши мамлакат иқтисодиётини издан чиқарди. Натижада Тожикистон ўз иқтисодий моделини кескин соддалаштиришга мажбур бўлди – экспорт асосан пахта ва алюминийга таяниб қолди.
.jpg)
Бу моделнинг юраги эса TALCO – Тожикистон алюминий компанияси ҳисобланади. 1972 йилда ташкил этилган ва 1975 йилдан ишлаб чиқаришни бошлаган бу гигант завод Турсунзода шаҳрида жойлашган бўлиб, Марказий Осиёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқарувчилардан биридир. Завод географик жиҳатдан мураккаб рельефда жойлашгани сабабли унинг экологик таъсири фақат Тожикистон билан чекланиб қолмайди.
Бугунги кунда TALCO фаолияти оқибатида чиқаётган зарарли моддалар – фторли водород, олтингугуртли ангидрид, азот оксидлари, углерод оксиди, смола ва бензопирен, нафақат завод атрофини, балки Ўзбекистон ҳудудларини ҳам қамраб олмоқда. Айниқса, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Денов, Қумқўрғон ва Олтинсой туманларида экологик муҳитнинг ёмонлашуви кузатилаётгани қайд этилади. Табиий шамол йўналишлари ва сув оқимлари зарарли моддаларни водий бўйлаб пастга силжитиб, трансчегаравий экологик муаммога айлантирмоқда.
Ўзбекистон Экологик Ҳаракати маълумотларига кўра, завод чиқиндилари уч асосий йўналишда салбий таъсир кўрсатмоқда: атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ерусти ва ерости сувларининг заҳарланиши ҳамда тупроқ деградацияси. Бу эса нафақат экологик, балки соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги учун ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади.
Мазкур муаммо халқаро даражада ҳам эътибордан четда қолмади. БМТнинг атроф-муҳит дастури (UNEP) томонидан ўрганилиб, 2012 йилда “Марказий Осиёда трансчегаравий соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши” лойиҳаси амалга оширилди. Бу ташаббус минтақадаги экологик хавфларнинг миллий чегаралардан ошиб кетаётганини яна бир бор тасдиқлади.
.jpg)
Мутахассислар таъкидлашича, Роғун ГEС қурилиши якунланса, Тожикистон электр энергияси етишмовчилигидан қутулади ва айнан энергия талаб қилувчи алюминий ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Бу эса иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин, бироқ экологик муаммоларни янада чуқурлаштириш хавфини ҳам кучайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, қатор муаммолар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида қайсидир маънода “совуқ уруш”га сабаб бўлган эди. Аммо 2017 йилдан сўнг бари ўзгарди.
Ўртоқлик даври
2016 йил охирида Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан йиллар давомида мураккаб ва совуқ тус олган Тожикистон билан муносабатлар секин-аста яхшилана бошлади. 2017 йилдан бошлаб икки давлат ўртасида ишонч, очиқлик ва прагматизмга асосланган сиёсий муҳит шаклланди.
Бурилиш нуқтаси сифатида 2018 йил 9–10 март кунлари Мирзиёевнинг Душанбега амалга оширган давлат ташрифи эътироф этилади. Бу сўнгги 18 йил ичида Ўзбекистон президентининг Тожикистонга илк расмий ташрифи эди. Музокаралар якунида 27 та ҳужжат, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, энергетика ва маданий алоқаларга доир битимлар имзоланди. Энг муҳим қарорлардан бири – икки давлат ўртасида 2018 йил 16 мартдан визасиз режим жорий этилиши бўлди. Бу эса ўз навбатида, чегарадош ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий фаолликни кескин оширди.
Орадан бир йил ўтиб, 2019 йил 17 август куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Тошкентга жавоб ташрифи амалга оширилди. Ушбу ташриф давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича 17 та янги келишув имзоланди. Ўша пайтда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йилдаги 196 миллион АҚШ долларидан 2019 йилда 480 миллион АҚШ долларига етгани қайд этилди. Бу уч йил ичида деярли 2,5 баробар ўсиш демакдир.
.jpg)
2020–2021 йилларда пандемия сабаб алоқалар бир оз секинлашган бўлса-да, сиёсий диалог узилмади. 2021 йил сентябрь ойида Душанбеда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида икки етакчи яна музокара ўтказиб, энергетика ва транспорт лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олди. Хусусан, минтақавий электр энергияси алмашинуви ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланди.
2022 йил 2–3 июнь кунлари Мирзиёевнинг Тожикистонга навбатдаги давлат ташрифи чоғида икки томонлама муносабатлар расман янги даражага – стратегик шерикликка кўтарилди. “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисида декларация” имзоланиши икки давлат ўртасидаги сиёсий ишончнинг энг юқори нуқтасига чиққанини англатди. Шу билан бирга, умумий қиймати 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.
2023–2024 йилларда эса ҳамкорлик амалий босқичга ўтди. Чегараларнинг делимитация ва демаркация жараёнлари деярли якунига етказилди. 2023 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 600 миллион АҚШ долларидан ошди. Транспорт соҳасида янги автобус йўналишлари очилди, темир йўл қатновлари тикланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳам сезиларли жонланди – ўзаро маданият кунлари, талабалар алмашинуви ва қўшма форумлар мунтазам ўтказила бошланди.
2025–2026 йилларга келиб эса томонлар савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш, қўшма саноат зоналари ташкил этиш ва энергетика соҳасида интеграцияни чуқурлаштиришни мақсад қилган. Хусусан, электр энергияси экспорт-импорти, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йирик инфратузилма лойиҳаларида ҳамкорлик устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда.
Янги ташриф
2026 йил 26 март куни Имомали Раҳмоннинг Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон–Тожикистон муносабатларида навбатдаги муҳим босқич сифатида тарихга кирди. Шавкат Мирзиёев томонидан юқори даражада кутиб олинган Тожикистон етакчиси учун пойтахтда тантанали қарши олиш маросими ташкил этилди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
.jpg)
Ташриф доирасида энг муҳим сиёсий тадбирлардан бири – Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Мазкур формат илк бор йўлга қўйилгани икки томонлама алоқалар институционал жиҳатдан янги босқичга чиққанини англатади. Музокараларда савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, саноат кооперацияси ва маданий-гуманитар йўналишлар кенг қамровда муҳокама қилинди. Тадбирда яна 2030 йилга бориб, ўзаро савдони 2 миллиард АҚШ долларига етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради. Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил якунларига келиб ўзаро савдо ҳажми 600 миллион АҚШ долларидан ошган бўлса, томонлар уни яқин йилларда 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича аниқ режаларни келишиб олди. Шу мақсадда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели кенгайтирилиб, саноат кооперацияси доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида икки давлат етакчилари иштирокида 10 та қўшма лойиҳа расман ишга туширилди. Улар доирасида Тожикистонда мебель ва чарм маҳсулотлари корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўқимачилик корхоналарини барпо этиш, Тошкентда тураржой мажмуаси ва савдо объектларини қуриш ҳамда Фарғона вилоятида консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу лойиҳалар, нафақат иқтисодий самарадорликни ошириш, балки чегараолди ҳудудларида бандлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Тожикистоннинг янги элчихонаси биносининг очилиши ташрифнинг рамзий ва сиёсий жиҳатдан муҳим воқеаларидан бири бўлди. Замонавий меъморий ечим асосида қурилган ушбу дипломатик иншоот икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланаётганини ифодаловчи рамз сифатида талқин қилинмоқда.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот берди. Унда томонлар ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Етакчилар Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш масалаларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилги ушбу ташриф Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шерикликни амалий мазмун билан бойитди. Энг муҳими, энди қўшнилар ўртасидаги рамзий “совуқ уруш” якунланиб, томонлар ўзаро дўстона алоқалар ёрдамида бирга ривожланиш йўлида одимламоқда.
Минтақада дўстона муҳитнинг бўлгани албатта яхши. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, юқоридаги муаммолар ҳали тўлақонли ҳал бўлгани йўқ. Роғун тўгони қурилиши давом этмоқда, Турсунзодаги алюминй заводи ҳам ишлашдан тўхтагани йўқ. Шарқона мулозамат туфайли муаммоларга кўз юмиш ушбу муаммоларни ҳал қилиб қўймайди. Гарчи олдингидек тез-тез эсланмаётган бўлса-да, сув ва экология соҳасида манфаатлар тўқнашуви сақланиб қолмоқда. Шуни унутмаслик керакки, кўринмаяпти дегани йўқ дегани эмас.
Live
Барчаси