Нетаняху ўлдирилди. Хоманаий эса портлатилган. Ахборот уруши авжида
Таҳлил
−
19 Март 22554 9 дақиқа
Нетаньяху ўлди, Эронинг янги олий раҳбари Мужатабо Хоманаий ҳам юзининг оғир шикастлаши оқибатида вафот этди. Энди уруш тугайдими? Асуски йўқ!
Юқорида келтирилган маълумотлар сиз ҳар куни дуч келаётган, аммо ўз тасдиғини топмаган хабарлар.
Яқин Шарқда бошланган уруш фонида глобал ахборот майдонида ҳам кураш авж олмоқда. Айниқса, сўнгги кунларда Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху ва Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий билан боғлиқ “вафот этди” ёки “оғир яраланди” каби тасдиқланмаган хабарларга кўп бора дуч келаётганингиз аниқ.
Урушни бошлаб берган АҚШнинг яқин ҳамкори Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхунинг ўлгани ҳақидаги миш-мишлар ижтимоий тармоқларда мунтазам кузатилмоқда. Бироқ, Нетаньху бу тахминларни инкор этиб, ўзининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасига тириклигини исботлаш мақсадида бир нечта видеоларни жойлаштирган. Тармоқ фойдаланувчилари эса бу фейк, яъни сунъий интелект орқали қилинган сохта видеолар бўлиши мумкинлигини исботлашмоқда.
Шу билан бирга, Эрон янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий ҳанузгача оммага кўриниш бергани йўқ. Ҳаттоки, унинг Эрон халқига йўллаган илк баёноти ҳам ёзма шаклда бўлиб, 12 март куни Эрон давлат телевидениеси орқали ўқиб эшитирилган. Янги раҳнамонинг яралангани ҳақидаги миш-мишлар ҳам кўпчиликди турли тахминларни келтириб чиқарган. Шундан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий бундай шубҳали хабарларга нуқта қўйиб, унинг жароҳатлаганини тасдиқлаган. Бироқ у Хоманаийнинг аҳволи яхши эканлигини маълум қилган.
Қиссқа қилиб айтганда, Яқин Шарқ осмонида ҳаво ҳужумлари тинмаётган бир вақтда, ахборот майдонида ҳам сохта хабарлар жанги авжига чиқди. Урушнинг асосий фигураси бўлган давлат раҳбарларининг тақдири ҳақидаги саволлар эса ҳануз очиқ. Бугун шу ҳақда гаплашамиз!
Исроил бош вазири Нетаньяху ўлдими?
28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида бўлган Эронинг собиқ Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган бомбардимон оқибатида ҳалок бўлгандан сўнг 2 март куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяхунинг идорасига зарба берган. Шундан сўнг Исроил бош вазирининг аҳволи номаълум бўлиб қолган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ушбу ҳужумларни Эрон томонидан амалга оширилган ўнинчи зарба тўлқини доирасида ўтказилганини билдирган.
Исроил ахборот агентликларининг хабар беришича, ракета ҳужумларидан сўнг Беньямин Нетаньяху Байт-Шемеш шаҳрига режалаштирилган ташрифини бекор қилган. У охирги марта бир неча дақиқалик видеомурожаат йўллаган ва шундан сўнг умуман кўриниш бермаган. Расмийлар ҳам Нетаньяхунинг хавфсизлиги юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган. Мамлакат ичида хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани, ҳукумат аъзолари ва ҳарбий раҳбарият махсус бошқарув марказларига кўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Шундан сўнг Интернетда Нетаньяху тирикми ёки йўқми деган саволлар кенг муҳокама қилина бошлади. Кўпчилик Бош вазир бир муддат омма олдида кўринмай қолгани сабабли унинг яралангани ёки ҳатто, ҳалок бўлгани ҳақида тахминлар билдирган. 13 март куни Нетаньяху Эрон билан боғлиқ ҳарбий операция бошланганидан бери илк бор матбуот анжумани ўтказгач, ижтимоий тармоқларда бу видео сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкин деган даъволар ҳам пайдо бўлган.
16 март куни миш-мишларга жавоб сифатида Нетаньяху кассадан буюртма қилган қаҳвасини олаётгани тасвирланган видео вазирнинг ижтмоий тармоқдаги расмий саҳифасига жойлаштирилган. Шу пайт кадр ортидан бир киши ундан интернетда тарқалган ўлими ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ беришни сўрайди. Нетаньяху эса иброний тилидаги “ўлик” сўзини киноя билан ишлатиб жавоб берган.
“Мен қаҳвани ўлгудек яхши кўраман. Мен халқимизни ҳам ўлгудек яхши кўраман. Одамларимизнинг хатти-ҳаракати ажойиб”, деган Нетаньяху ҳазил аралаш.
Шундан сўнг у кулимсираб қўлларини камерага тутиб, бармоқларини санаб кўришни таклиф қилган. Бош вазир, шунингдек кафе ходимлари билан суҳбатлашиб, уруш даврида исроилликларнинг руҳияти ва бирдамлигини юқори баҳолаган.
“Биз ҳозир айрим тафсилотларини ошкор қила олмайдиган ишларни қиляпмиз. Аммо биз Эронга ҳам, Ливанга ҳам кучли зарбалар бермоқдамиз”, деган Нетаньяху.
Бироқ, тармоқ фойдаланувчилари Нетаньяху идораси Бош вазирнинг тақдири ҳақидаги гап-сўзларга жавобан эълон қилган ушбу видеони ҳам сунъий интелект орқали яратилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, видеода бир нечта шубҳали белгилар мавжуд. Масалан, кадрда кўринадиган қаҳва финжони тўла бўлса-да, у ағдарилганда ёки ҳаракатланганда ичидаги суюқлик тўкилмайди.
Шунингдек, Нетаньяху қаҳва ичаётгандек кўринса ҳам, финжондаги қаҳва миқдори камаймайди. Бундан ташқари, айрим фойдаланувчилар видеода Бош вазирнинг юз кўриниши ҳақиқий суратларидан фарқ қилишини ҳам қайд этган. Шунингдек, видеонинг сунъий интеллект ёрдамида яратилганини кўрсатиш учун айрим фойдаланувчилар шу саҳнага ўхшаш тарзда бошқа сиёсатчилар, жумладан Франция Президенти Эммануель Макрон иштирокидаги сунъий видеоларни ҳам яратиб кўрсатган.
18 март куни Нетаньяхунинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида унинг тирик эканлигини исботлаш мақсадида, Исроил бош вазири ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаб йўлакда суҳбатлашгани тасвирланган видеоси жойлаштирилган. Суҳбатда АҚШ элчиси:
“Президент сиздан хабар олишим ва аҳволингиз яхши эканига ишонч ҳосил қилишим учун мени юборганини билишингизни истадим” дея берган саволига Нетаньяху: “Мен тирикман”, деб жавоб берган.
“Ҳа, Майк. Мен тирикман. Биз ҳар бир қўлимиздаги бешта бармоқ билан қўл бериб сўрашамиз, биласиз-ку. Мен тирикман, лекин менда мана бу карта бор. Йўқ, уни ўқиманг. Бу нишонлар картаси. Бугун мен ушбу картадаги икки кишининг исмини ўчириб ташладим ва кўриб турибсизки, бу рўйхатда ҳали қанчаси қолган. Биз Исроилни ер юзидан супуриб ташлаб, кейин Америка ҳар бир шаҳрига етиб борадиган ядро қуроли ва уни етказиб бериш воситаларини яратмоқчи бўлган бу жиннилардан қутуляпмиз. Улар буни қила олишмайди. Биз уларнинг ўзини йўқ қиляпмиз”, деди Нетаньяху.
Нетаньяхунинг яна бир видеосида унинг бармоғидаги узук қўлини ҳаракатлантириши давомида йўқолиб қолаётганлигини кўриш мумкин. Фойдаланувчилар томонидан унинг сўнги видеолари сунъий интеллект ёрдамида яратилгани исботланган бўлса ҳам, негадир Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху тириклигини исботлаш мақсадида шундай видеоларни оммага чиқаришдан чарчамаяпти.
Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий қаерда?
Эроннинг собиқ Олий раҳбари Оятуллоҳ Али ҳоманаийнинг ўлдирилганидан сўнг унинг вориси Мужтабо Хоманаийнинг ҳозирги аҳволи ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Янги сайланган раҳнамонинг яралангани ҳақидаги миш-мишлар фонида, 12 март куни Мужтабо Хоманаий илк бор халққа мурожаат қилди. Бироқ, унинг бу мурожаати ёзма шаклда бўлиб, Эрон телевидениесида ўқиб эшиттирилди, ўзи эса кадрда кўриниш бермаган.
Хоманаий ўзининг тайинлангани ҳақида бошқа эронликлар билан бир вақтда – Экспертлар кенгашидаги овоз бериш жараёнининг телетрансляцияси орқали билганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Олий раҳнамо курсисини эгаллаш у учун қийин, чунки бу ўрин аввал икки “буюк имом” – Хумайний ва ўзининг отаси “шаҳид Хоманаий”га тегишли бўлган.
Мурожаатнинг марказий мавзуси уруш бўлган. Хоманаий ҳарбийларга душманга берилган “қақшатқич зарбалар” учун миннатдорлик билдирган ва Эрон Ҳурмуз бўғозини тўсишда давом этишини маълум қилган. Янги раҳнамо, шунингдек, Яман ҳусийлари, “Ҳизбуллоҳ” ва Ироқ қаршилик кучларига қўллаб-қувватлаганликлари учун ташаккур айтган.
Хоманаий ҳалок бўлган ҳар бир эронлик учун – нафақат отаси, балки ўлдирилган ҳар қандай фуқаро учун қасос олишга ваъда берган. У Минобдаги қизлар мактабига берилган зарбани алоҳида эътибор талаб қиладиган жиноят сифатида ажратиб кўрсатган. Нутқнинг ички сиёсий қисмида Хоманаий халқнинг бирдамлигини эътироф этиб, эронликлар мамлакат Олий раҳнамосиз қолган кунларда давлатни бошқарганини билдирган.
Шундан кўпчиликда шубҳа уйғотган Мужтабо Хоманаийнинг яралангани ҳақидаги хабарни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг ўғли ва маслаҳатчиси Юсуф Пезешкиён рад этишига қарамасдан, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий тасдиқлаганди.
“Мен, жаноб Мужтабо Хоманаий жароҳат олгани ҳақидаги хабарларни эшитдим. Шундан сўнг танишларим ва яқинларим билан боғланиб, вазиятни сўрадим. Худога шукур, у соғлом, ҳеч қандай муаммо йўқ”, дейди Юсуф Пезешкиён.
“У яраланган, аммо аҳволи жойида. У ўзининг илк нутқи билан қачон чиқиш қилишини билмайман”, дейди Бағоий.
Шундан сўнг 13 март куни АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эроннинг янги олий раҳнамоси жароҳатланганини, жароҳатланганда ҳам юзи кўриб бўлмас даражада шикастланганини айтган. АҚШ мудофаа вазири гапларига исбот сифатида Хоманаийнинг халққа йўллаган илк мурожатини ёзма равишда эканлигига ишора қилган. Хегсетнинг фикрича, у жароҳат олган бўлиши мумкин ва шу сабабли оммадан яшириниб юрмоқда. Шунингдек, у ҳозирда Эрон ичида ҳам реал бошқарув кимнинг қўлида экани аниқ эмаслигини таъкидлаган.
“Эронда камералар ҳам, овоз ёзиш мосламалари ҳам етарли. Нега энди фақат ёзма баёнот? Менимча, сабабини ўзингиз тушуниб турибсиз. Отаси ўлган. Унинг ўзи қўрқувда, жароҳатланган, қочиб юрибди ва қонуний ваколатга эга эмас. Хўш, бошқарув кимнинг қўлида? Буни, ҳатто Эроннинг ўзи ҳам билмаслиги мумкин.”
Янги раҳнамо ҳақидаги маълумотларга АҚШ ҳам қизиқиб, АҚШ Давлат департаменти ўзининг Rewards for Justice дастури орқали Эрон Ислом Республикаси раҳбарияти ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор юқори мартабали расмийлар ҳақида маълумот берган шахсга 10 млн АҚШ доллари, халқ тилида сўмга чақсак, қарийиб 122 миллиард сўм пул мукофоти таклиф қилган. Корпусни АҚШ 2019 йилдан бери “террор ташкилоти” деб белгилаган. Мукофот таклифлари шу йил давом этаётган минтақавий кескинлик фонида эълон қилинган. АҚШ томонидан берилган расмий баёнотда айтилишича, маълумот бериш шарти – мазкур шахсларнинг кимлигини аниқлаш, жойини билиш ёки уларга оид ишончли ахборот тақдим этишдан иборат.
Шундан сўнг Эронга яқин халқаро нашрларда Мужтабо Хоманаий соғлиқ ҳолати ва хавфсизлик сабабли рус ҳарбий самолёти билан сирли равишда Москвага етказилгани маълум қилинган. Россия пойтахтида муваффақиятли операция ўтказилган ва унинг Президент мажмуаларидан биридаги хусусий клиникада даволанаётгани билдирилган. Хоманаий 28 февралдаги Эронга қарши биринчи зарбалар пайтида жароҳат олган. Даволанишни мамлакат ичида давом эттириш қийин бўлгани учун уни Москвага олиб келиш қарори қабул қилинган.
Билдирилишича, aввал Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатда Хоманаийни Россияда даволашни ташкил этишни таклиф қилган. Эрон расмийлари бу таклифни кўриб чиқиб маъқуллаган.
Интернетда сиздирилган аудио ёзувда айтилишича, Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроил зарбасидан сўнгги дақиқаларда боққа чиққани сабаб омон қолган. 28 февраль куни Теҳрондаги қароргоҳга ракета зарбалари берилган пайтда Мужтабо ташқарига чиққан бўлган. Ҳужум оқибатида унинг отаси Али Хоманаий ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳалок бўлган. Ўша пайтда Мужтабо оёғидан жароҳат олган. Бироқ, Эроннинг Москвадаги элчиси янги Олий раҳбар Мужтабо Хоманаийнинг Россияда даволанишда эканини инкор этиши яна унинг тириклиги ҳақида шубҳалар уйғотган.
Live
Барчаси