Германиядан Афғонистонга 2-депортация рейси жўнаб кетди
Олам
−
18 Июль 4725 2 дақиқа
Германиядан иккинчи депортация рейси Афғонистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни Германия Ички ишлар вазири Александр Добриндт ARD телеканалига маълум қилди.
Бортида 81 нафар Афғонистон фуқароси бўлган самолёт Лейпциг аэропортидан ҳавога кўтарилди. Добриндтнинг сўзларига кўра, бу одамлар “жиноятлар учун судланган” ва “мажбурий депортация қилиниши керак”.
Добриндт Қобулга парвозни тайёрлашда Германиянинг “стратегик ҳамкорлари” иштирок этгани, улардан бири Қатар эканини маълум қилди.
Бу парвоз 2024 йил августдан бери биринчи ва Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келган 2021 йилнинг ёзидан кейинги иккинчи парвоз бўлди.
Германия 28 афғон фуқаросини 2024 йил 30 август куни ватанига депортация қилган. Улар Германияда судланган жиноятчилар эди. Парвоз олдидан уларнинг ҳар бири 1000 евродан олган.
Ўшанда “Толибон” вакили Германиядан депортация қилинган жиноятчилар оилалари ҳеч қандай жиноий ҳуқуқбузарлик қилмасликлари ҳақида ёзма кафолат берганидан кейин қўйиб юборилганини айтди. Ўша пайтдаги Германия ички ишлар вазири Ненси Файзер депортация парвозлари амалиётини давом эттиришга ваъда берган эди.
Бироқ, ўшандан бери Германиядан бирорта ҳам бундай рейс учмаган. Бундестагда ХДИ гуруҳи раҳбари лавозимини эгаллаган Добриндт Германиядан Афғонистонга кўпроқ депортация рейсларини фаоллаштиришга чақирди.
“Бугунги парвоз Добриндт Европанинг бешта қўшни давлатидаги мавқедошларини миграция бўйича саммитга очиқ таклиф қилган куннинг ўзида амалга оширилди”, деб хабар беради ARD.
Вазир Европада қаттиқроқ миграция сиёсатини жорий этиш тарафдори. Бундан ташқари, Добриндт “Толибон” билан музокараларни Қатар воситачилигида эмас, балки келажакда бевосита олиб боришга чақирди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь