Германияда Пушкиннинг бронза ҳайкали ўғирлаб кетилди

Олам

image

Германиянинг Гемер шаҳрида рус шоири Александр Пушкиннинг ҳайкали ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Россия Федерациясининг Германиядаги элчихонаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, бронзадан ясалган, қарийб 1,8 метр баландликдаги ҳайкал 1994 йилда Гемер шаҳрига Россиянинг Шёлково шаҳри томонидан совға қилинган бўлиб, у икки халқ ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида ўрнатилган.

Элчихона ушбу ҳолатдан хавотирда эканини билдирган.

“Умид қиламизки, жиноятчилар тезда қўлга олинади ва Александр Пушкин ҳайкали ўз жойига қайтарилади”, дейилади элчихона баёнотида.

Гемер шаҳри полицияси ҳодиса юзасидан изоҳ бериб, ўғрилик ўтган дам олиш кунлари содир бўлганини маълум қилган. Номаълум шахслар ҳайкални тахминан 26 июнь куни соат 10:00 дан 27 июнь куни соат 10:00 гача бўлган вақт оралиғида ўғирлаб кетган. Унгача бронза ҳайкал ўз жойида бўлган.

“Шанба куни эрталаб соат тахминан 10:00 ларда эътиборли бир гувоҳ баландлиги тахминан бир метр бўлган тош пойдевордан фақат пўлат маҳкамлагичлар чиқиб турганини пайқаб қолган”, дейилади полиция хабарида.

Шунингдек, Россия дипломатик ваколатхоналари Германия ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани қайд этилган. Ҳозирча ўғрилик бўйича расмий тергов жараёнлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг Гуаиба шаҳрида кучли тўфон туфайли Озодлик ҳайкалининг 35 метрлик нусхаси йиқилиб тушганди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг