Германия ҳам маймун чечаги учун карантин эълон қилди
Олам
−
24 Май 2022
5529Германия Соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах маймун чечаги билан касалланганлар учун 21 кунлик карантин эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Бугун биз федерал штатлар расмийлари билан биргаликда Роберт Кох институтининг тавсияларини амалга оширдик, ушбу тавсияларнинг асосийларидан бири касалланганлар камида 21 кун изоляция қилинишидир”, деган Лаутербах.
Шунингдек, унинг фикрига кўра, изоляция маймун чечаги касаллигига чалинган шахс билан алоқада бўлган одамлар учун “қатъий тавсия этилади”.
Эслатиб ўтамиз, Бельгия дунёда биринчи бўлиб маймун чечаги билан касалланганлар учун 21 кунлик мажбурий карантин жорий қилди. Бельгияда қайд этилган барча ҳолатлар Антверпен шаҳридаги фестиваль билан боғлиқ.
Маймун чечаги вируси жорий йилнинг апрель ва май ойларида Ғарбий Европанинг бир қанча мамлакатларида, шунингдек, бошқа қитъаларда тарқалди. Сўнгги кунларда у Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Португалия, Франция, Швейцария ва Швецияда, шунингдек, АҚШ, Канада ва Австралияда аниқланган.
Маймун чечаги ҳақида нима маълум?
Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва озғинлик киради. Касал бўлганларда кўпинча юзда бошланиб, кейин тананинг бошқа қисмларига, жумладан қўллар, оёқлар ва жинсий аъзоларга тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечаги ҳайвонларнинг чақиши, ифлосланган буюмлар ёки касал одам билан яқин алоқа қилиш орқали юқиши мумкин.
Вирусга қарши дорилар йўқ.
Инфекцияланган одамларнинг аксарияти бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади. Бироқ, биринчи марта 1970 йилда кашф этилган маймун чечагининг энг ҳалокатли штаммлари касал бўлганларнинг 10 фоизини ўлдириши мумкин.
Сўнгги кунларда АҚШда ҳам маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан АҚШ ҳукумати чечакка қарши 13 миллион вакцина сотиб олишга буйруқ берган.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси