Ғазодаги черковга ҳужумдан сўнг Нетаньяху Рим папасига сим қоқди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазодаги Муқаддас оила черковига снаряд тушганидан кейин Рим папаси Лео XIVга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда Муқаддас Тахт матбуот хизмати хабар берди.

“Суҳбат чоғида Муқаддас Ота яна музокараларни қайта бошлашга, ўт очишни тўхтатишга ва урушни тугатишга чақирди. У яна Ғазо секторидаги мавжуд гуманитар вазиятдан хавотир билдирди”, дейилади хабарда.

Рим папаси “саждагоҳларни, биринчи навбатда, диндорларни ҳамда Фаластин ва Исроилнинг барча аҳолисини зудлик билан ҳимоя қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади”.

Нетаньяху эса Исроил Ғазодаги черковнинг “тасодифан ўққа тутилганидан” чуқур афсусда эканини билдирган. Бош вазир “Исроил воқеани тергов қилаётганига” ва “тинч аҳоли ва муқаддас жойларни ҳимоя қилишга содиқ қолиши”га ишонтирган.

Исроил армияси матбуот хизматининг хабар беришича, снаряд парчалари хатолик туфайли черковга тушган.

Қуддус Лотин Патриархати Ғазо секторидаги ягона католик черковига уюштирилган ҳужумда 3 киши ҳалок бўлгани, 9 киши яралангани, улардан 3 нафари оғир аҳволда эканини маълум қилди. Жабрланганлар орасида черков руҳонийси Габриэль Романелли ҳам бор ва у енгил жароҳат олган.

Эслатиб ўтамиз, одинроқ Рим папаси Лео ХIV Ғазодаги Муқаддас оила черковига (Лотин монастири) Исроил ҳаво ҳужуми уюштирганидан чуқур афсусда эканини билдирган ва тезда ўт очишни тўхтатишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рим папаси Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху Лео XIV

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг