Галстуксиз учрашув: Ўзбекистон Туркия билан уч асосий масала бўйича келишиб олди
Жамият
−
27 Сентябрь 2021
8105Аввал хабар берганимиздек, 27-28 сентябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Учрашувда вазирлар хавфсизлик масалалари ҳамда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам Истанбулда бўлиб турибди. Кеча, 26 сентябрь куни Туркияга етиб борган Абдулазиз Комиловни Туркия ташқи идораси раҳбари Мавлуд Чавушўғлу кутиб олган. Вазирлар Истанбулнинг энг сўлим гўшаларидан бирида галстуксиз норасмий учрашув ўтказганлар.
Чавушўғлунинг Twitter орқали маълум қилишича, Туркия ва Ўзбекистон Афғонистон масаласида ҳамкорликда фаолият олиб боради. Шунингдек, имтиёзли савдо битими билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш кўзда тутилган.
Туркия ташқи ишлар вазири эълон қилган асосий янгиликлардан бири эса коронавирусга қарши вакцина билан боғлиқ. Унинг қайд этишича, эндиликда Туркия ва Ўзбекистон вакцина қабул қилганлик бўйича сертификатларни тан олиш бўйича келишувга эришган.
Маълумот ўрнида, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши тузиш тўғрисидаги битим 2009 йил 3 октябрда имзоланган. Ҳозирги вақтда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия ушбу кенгашнинг аъзолари ҳисобланади. Венгрия эса кенгашда кузатувчи мақомига эга. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган. Жорий йилнинг ноябрь ойида давлат раҳбарлари иштирокида Кенгашнинг навбатдаги саммити ўтказилиши ва Кенгаш номи ўзгартирилиши кутилмоқда.