Ғалаба учун менда ҳамма нарса бор – Синдоров

Спорт

image

Кеча, 14 апрель куни Номзодлар турнирида муддатидан аввал ғалаба қозонган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров, амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммаражу Гукешга қарши шахмат тожи учун бўлажак баҳсда ўз имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилишини ваъда берди. Бу ҳақда у Номзодлар турнирининг 13-туридан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди. 

Матбуот анжуманида “2022-йилги Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги ғалаба, 2025 йилги Жаҳон Кубогидаги шахсий муваффақият ва ниҳоят, жорий даъвогарлик циклидан сўнг эришиш мумкин бўлган яна бир, энг асосий мақсад ҳақида ўйлаяпсизми?” деган саволга жавобан Синдоров шундай деди:  

“Бу ҳақда кўп ўйлашни истамагандим. Йил охирида матчим бор ва бу жуда қийин баҳс бўлади, деб ўйлайман”. 

Ўзбекистонлик шахматчининг тушунтиришича, Гукешда жаҳон чемпионати матчларида қатнашиш тажрибаси бор, бироқ Синдоров ҳиндистонлик гроссмейстерга қарши бўлажак баҳсда ўзининг устунликларини ҳам санаб ўтди.  

“Менинг жуда яхши жамоам, ишлаш учун барча зарур шароитларим бор, шу боис кўп меҳнат қилиб, ўз имкониятларимдан фойдаланишга ҳаракат қиламан”, дейди шахмат тожига даъвогар. 

Даъвогарлар турниридаги муддатидан аввалги ғалабаси ҳақида сўз юритар экан, Синдоров бу жуда узоқ турнир бўлганини ва ҳар бир тур ниҳоятда мураккаб кечганини билдирди.  

“Ҳатто, сўнгги кунларда уйқум ҳам яхши бўлмади. Аммо ҳозир ушбу турнирни шундай муваффақиятли якунлаганимдан жуда хурсандман ва барчага – оиламга, мураббийимга, секундантларимга, мени қўллаб-қувватлаган ҳар бир кишига раҳмат айтаман”, дейди ўзбекистонлик гроссмейстер. 

Бугун, 15 апрель кунги Номзодлар турнирининг сўнгги тури ҳақида гапирар экан, Синдоров турнир жадвалидаги вазият энди унинг хитойлик Вей И билан партиясига психологик босим ўтказмаслигини қайд этди ва диққат-эътибори нафақат ўз ўйинига, балки параллель равишда ўтаётган аёллар орасидаги Номзодлар турнирига ҳам қаратилишини айтди. Ушбу турнир якунларига кўра, амалдаги жаҳон чемпиони, хитойлик Сюй Венсюннинг аёллар ўртасидаги шахмат тожи учун бўлажак баҳсдаги рақибаси аниқланади.  

“Бу партия босимсиз ўтади ва мен Сарани (қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаева –  таҳр.) қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Унинг ҳам имкониятлари жуда яхши, кўрамиз”, дейди эркаклар ўртасидаги Номзодлар турнири ғолиби.

Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров 13-турга қадар бирор марта мағлубиятга учрамади. 14 апрелдаги дурангдан сўнг, у очколарини 9,5 тага етказди ва Аниш Гири билан орадаги 2 очколик фарқни сақлаб қолди. Ўзбекистонлик гроссмейстер сўнгги турда бугун, 15 апрель куни хитойлик Вэй И билан баҳс олиб боради. Шундан сўнг мукофот жамғармаси 700 минг доллар бўлган турнир ўз якунига етади.

Мазкур натижадан кейин Синдоров рейтингда 2775,4 очко жамғариб, дунёнинг 5-рақамли шахматчисига айланди. Синдоровдан олдинда яна бир ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов (2780) ўрин олган. Шунингдек, Фабиано Каруана (2784,9), Ҳикару Накамура (2794,1) ва Магнус Карлсен (2840) топ учликни эгаллаб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг