Давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим ташкилотлардан “тортиб” олинаётганига изоҳ берилди
Жамият
−
12 Декабрь 2019
4390“Айрим давлат ташкилотларидан уларда мавжуд, инсон омили асосида ташкил этилган давлат хизматларини бизга ўтказиш бўйича қийинчиликларга дуч келамиз. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида хизмат кўрсатиш улардан “тортиб” олинмаса, бошқа иложи қолмаяпти. Жигаридан бўлганми, билмайман, қийин”, дейди Давлат хизматлари агентлиги директори Ҳалилилло Тўрахўжаев.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматлари агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида агентлик директори давлат рақамларини агентлик марказларида сотиш масаласида тегишли қарор лойиҳаси тайёрланганини қайд этди. Унга кўра, лойиҳага розилик бўйича ички ишлар идораларидан ташқари бошқа барча ташкилотлар имзоси олинган. Улар томонидан имзо масаласи кўриб чиқилмоқда. Тез кунда бу ижобий ҳал бўлиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, ривожланган давлатларда автомототранспортларга давлат рақамларини беришда давлат хизматларини кўрсатиш марказлари бевосита иштирок этади. Барча ишлар электронлаштирилган тизим орқали амалга оширилади. Унда инсон омили иштирок этмайди. Бу ўз-ўзидан бошқа иллатлар урчишининг олдини олади.
“Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш изчилликда давом эттирилади. Унда 2020 йил 1 ноябрига қадар автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш агентлик зиммасига юкланиши белгиланган. Масъул ижрочи Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Бу вазифа амалга ошса, юридик ва жисмоний шахсларга рақамларни бериш тизими ҳам агентлик ихтиёрига ўтиши мумкин.
Агентлик ходимлари фуқароларнинг эҳтиёжи, рақам бериш тизимини (аукционда сотилаётган рақамлардан ташқари) шаффоф йўлга қўйиш ва инсонлар дуч келаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида лойиҳа аввалдан тақдим этилганлигини тушунтиришди.
LiveБарчаси