“Фон”да яна қизлар! Тошкент ва Хоразмда юпун ҳолдаги ўқувчи қизлар совуқда рақс туширилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимлиги туманда ўтказилаётган сумалак сайлидан тасвирларни эълон қилди. Ваҳоланки, унда совуқ ҳавода  атлас кўйлак кийган кичкина қизлар қалтираб рақс тушиш учун тайёрланаётгани акс этган. Энг ёмони атрофдаги ўриндиқларда қалин кийимларни кийиб ўтириб олган одамлар совуқда қалтираётган қизларга эътибор ҳам бермасдан овқатланяпти.

Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг, Тошкент шаҳри Қибрай туманида ўтказилган “Ассалом, Наврўз!” тадбирида ўқувчи қизлар юпун кийимда рақсга тушаётгани акс этган сурат тарқалди. Суратда қалин кийимдаги одамлар совуқда қалтираб рақсга тушаётган қизларни томоша қилиб турганини кўриш мумкин.

Сўнгги кунларда ҳаво совиб, ҳарорат минус -1 даражага тушди. Бугун эса қор ҳам ёғди. Қорни совуғидан сақланишга ҳаракат қилиб, ҳамма ўз ёғига ўзи қовурилаётган бир вақтда қизларни кўчада, юпқа кийимда рақсга тушираётган “каттакон”ларга тариф беришга тил ожиз.

Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берган Халқ таълими вазирлиги Матбуот котибига кўра, вазирлик томонидан аввал ҳам бир неча бор турли маънавий-маърифий тадбирларни об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ўтказиш, болалар билан суратлардаги каби ҳолатлар юзага келишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилган ва бундай ҳолатларга йўл қўйган масъул шахсларга чоралар ҳам қўлланилган.

“Шунга қарамай ҳали ҳамон жойларда бундай нохуш ҳолатлар афсуски давом этмоқда. Айни дамда фотосуратлардаги ҳолатлар қайси мактаб томонидан йўл қўйилгани ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.

Шу ўринда савол туғилади, нима учун ҳар тадбирда катталарни кўнглини олиш учун қизлар “декорация” бўлиши керак? Нимага ота-оналар қизларини бу ҳолатда рақсга тушаётганига бефарқ? Ўқувчи ва талаба қизлардан чиройли фон сифатида фойдаланишга қачонгача чидаш мумкин?

Аввалроқ, Тошкентдаги мактаблардан бирида ташкил этилган тадбирда ҳаво совуқ бўлишига қарамай ўқувчи қизлар юпун ҳолда меҳмонларни кутиб олишга чиқарилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

408

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made