Флоридада сув тубида 74 кун яшаган эркак рекорд ўрнатди
Бу қизиқ
−
18 Май 2023
10154Флоридада университет профессори 74 кун сув остидаги уйда яшаб, жаҳон рекордини янгилади. Бу ҳақда “Метро” нашри хабар берди.
Билдирилишича, профессор Жозеф Дитури тажриба тариқасида 2023 йил март ойида Флорида штатининг Кей-Ларго шаҳридаги лагуна (табиий сув омбори)нинг тубида тўққиз метр чуқурликда жойлашган “Жюлнинг сув ости қароргоҳи”га жойлашган. 74 кунлик сув остида қолган одам ўз тажрибасини давом эттириб, 100 кунга етказмоқчи. Унинг “Нептун 100 лойиҳаси” деб номланган миссияси 9 июнда якунланиши керак.
Сув ости кемаларидан фарқли ўлароқ, сув ости қароргоҳи босимга мослашишга ёрдам берадиган технологиядан фойдаланмайди. Аввалги рекорд 2014 йилда Теннесси штатининг икки профессори Брюс Кантрелл ва Жессика Фейн томонидан ўрнатилган. Улар сув остида 73 куну 2 соат 34 дақиқа яшаган.
Дитури фақат рекорд ўрнатиш учун сув остига жойлашмаган. Маърузачи, собиқ денгиз зобити ва биотиббиёт муҳандислиги фанлари номзоди бўлган тадқиқотчи, инсон танаси узоқ вақт давомида юқори босим остида ўзини қандай тутиши ҳақида иложи борича кўпроқ маълумот тўплашни хоҳлашини айтган. Шунинг учун у ҳар куни ўзининг ҳаётий белгилари ва умумий фаровонлигини баҳолаш учун бир қатор ўлчовлар ва кичик тажрибалар ўтказмоқда.
Ҳар куни Дитури микротўлқинли печда лосос филетоси ва тухумли идишлар каби протеинга бой тушлик тайёрлаб, истеъмол қилади. Кейин у жисмоний машғулот билан шуғулланади ва тахминан бир соат ухлайди.
“Ушбу тажриба ортидаги ғоя океанларни одамлар билан тўлдиришдир. Шундай қилиб, сиз уларга яхшироқ ғамхўрлик қилишингиз ва ҳамма нарса тартибда эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин”, деган Жанубий Флорида университети профессори ва рекордчи Жозеф Дитури.
Доктор Чуқур Денгиз лақабини олган Дитури аллақачон денгиз тубидан ўнлаб онлайн маърузалар ва семинарлар ўтказган. Унинг дарсларида 2,5 мингдан ортиқ талаба қатнашди. Ўзининг тажрибаларига қарамай, у Жанубий Флорида университетида океан фанлари ва биотиббиёт муҳандислиги талабаларига дарс беришда давом этмоқда.
Дитурига кўра, миссияси давомида етишмаётган ягона нарса – бу қуёш нури. Тажрибадан олдин у ҳар куни қуёш чиқишини кузатганини айтган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь