Эрон, Тожикистон, Афғонистон – форс тилли давлатлар иттифоқи ёхуд бу ТДТга қарши юришми?

Таҳлил

image

Бир томонда “Макка келишуви”, яна бир томонда Туркий давлатлар ташкилотининг глобал майдондаги таъсири кенгайиб бораётган бир пайтда Эрон ҳам Марказий Осиёдан иттифоқчи изламоқда. Жорий йилнинг 16 август куни Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф Тожикистон вакили билан учрашувда форс тилида сўзлашувчи давлат ва ҳудудлар иттифоқини тузишни таклиф қилди. Баъзилар ушбу ташаббусни умумий тил, маданият ва цивилизацион мерос билан изоҳлаётган бўлса, бошқалар эса геосиёсий майдонда мувозанатни сақлаш ва форсий альянснинг таъсирини сақлаб қолиш учун ҳаракат сифатида талқин этмоқда.

Форс тили ва маданияти асрлар давомида Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиё халқларини боғлаб келган. Айнан шу жиҳатдан минтақада форс маданиятининг таъсири доим бўлиб келган. Бугун эса минтақада туркий давлатларнинг интеграцияси ҳам жадаллашмоқда. Шу фонда Теҳроннинг форсий дунёни бирлаштириш ҳақидаги ғояси оддий маданий ҳамкорлик ташаббуси эмаслиги яққол намоён бўлмоқда.

Ушбу мақолада бу ғоя қаердан пайдо бўлгани, унинг тарихий илдизлари ва энг муҳими – бундай иттифоқ Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гаплашамиз.

Жиддий таклиф

Эроннинг форс тилида сўзлашувчи давлат ва ҳудудларни бирлаштириш ҳақидаги ташаббуси 16 август куни Теҳронда янгради. Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума билан учрашувда “Форс тилида сўзлашувчи давлатлар ва ҳудудлар иттифоқи”ни ташкил этишни таклиф қилди.

Орифнинг таъкидлашича, Эрон ва Тожикистонни умумий тил, маданият ва цивилизацион мерос боғлаб туради. Унинг фикрича, айнан шу умумийлик форсий дунё доирасидаги маданий ва цивилизацион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун асос бўла олади. Эрон вице-президенти таклифни икки давлат расмийларининг келгусидаги ташрифлари ва учрашувлари давомида жиддий муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Бироқ учрашувда гап фақат маданий алоқалар ҳақида бормади. Ориф Эрон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатлари сўнгги йилларда ривожланганини, бироқ мавжуд салоҳиятга нисбатан ҳали етарли даражага чиқмаганини қайд этди. У Эроннинг илмий, техник ва муҳандислик имкониятларини ҳам тилга олиб, мамлакат бу борадаги тажрибасини дўстона ва қўшни давлатлар билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.

Тожикистон томони эса ҳозирча мазкур таклифга қўшилганини ёки келажакдаги иттифоқни қўллаб-қувватлашини расман билдирмади. Далер Жума икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо ва маданий муносабатлар ривожланаётганини таъкидлади ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш учун мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурлигига урғу берди. У Теҳронда Эроннинг энергетика, нефть, ташқи ишлар ҳамда йўл ва шаҳарсозлик вазирлари билан ўтказган учрашувларини ҳам тилга олиб, ҳамкорликнинг савдо, энергетика, транспорт, маданият ва туризм каби йўналишларини қайд этди.

Яқин Шарқдаги энг нотинч ҳудудга айланиб бораётган Эрон билан иттифоқ тузиш Тожикистондек катта куч марказлари ўртасида жойлашган мамлакат учун катта таваккалчилик бўлади. Айнан шу сабабли Душанбе­нинг расмий позицияси ҳозирча ўта эҳтиёткор: Тожикистон Эрон билан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини намойиш қилмоқда, бироқ форсий давлатлар иттифоқини ташкил этиш бўйича Эрон таклифига қўшилганини расман эълон қилмаган.

Тарихий ғоя ёки орзу

“Форс тилида сўзлашувчи давлатлар иттифоқи” ўз таркибига Эрон, Тожикистон ва Афғонистонни олишни кўзда тутган. Эрондаги форс тили, Тожикистондаги тожик тили ва Афғонистондаги дарий тили тарихан ягона бир тил – IX–XV асрларда шаклланган Классик форс тили асосида шаклланган. Гарчи талаффуз ва алифбода фарқ мавжуд бўлса-да, бу тилларда сўзлашувчилар бир-бирини деярли 80–90 фоиз тушунади. Айнан шу туфайли ушбу учлик ўртасида муайян иттифоқ тузиш тез-тез кун тартибида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлади.

Эроннинг форс тилида сўзлашувчи давлатларни бирлаштириш ғояси ёки бошқача қилиб айтганда, орзуси кечагина пайдо бўлгани йўқ. Унинг илдизи камида 2005–2006 йилларга бориб тақалади. Ўша даврда Эрон ва Тожикистон ўртасидаги юқори даражадаги музокараларда учта давлат – Эрон, Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатда эса форсий давлатлар иттифоқини шакллантириш масаласи кўтарилган. 2006 йил 26 июлда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган уч давлат раҳбарининг илк саммитида маданий ҳамкорлик комиссиясини тузиш ва форс тилидаги умумий телеканал яратиш ғояси илгари сурилганди.
2007 йилда Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда форсий давлатлар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришни қўллаб-қувватлаган. 2008 йилнинг мартида эса Эрон, Тожикистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари Форс тилида сўзлашувчи давлатлар Иқтисодий кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришган. Шу тариқа дастлаб маданий яқинликка таянган ташаббус иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик элементларини ҳам қамраб ола бошлаган.

2009 йилда эса ғоя янада актуаллашади. Шу йилда ташкил этилган Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгаши Тожикистоннинг асосан туркий тилли Марказий Осиё давлатлари орасида гўёки яккаланиб қолишига сабаб бўлди. Айнан шу сабабли, дастлаб бундай иттифоқни тузишга энг катта қизиқишни Тожикистоннинг ўзи кўрсатган эди. Бир вақтлар тожик академик ва зиёли доираларида “тарихий Тожикистон” ғояси оммалашганди. Бу эса Ўзбекистон билан муносабатлардаги тарангликка сабаб бўлди ва кенгроқ маънода, Тожикистоннинг асосан туркий тилли минтақа бўлмиш Марказий Осиёда ажралиб қолиш ҳиссини кучайтирди.

Тожикистонда илгари сурилган “Орий” назарияси Эронда ҳам муайян даражада хайрихоҳлик билан кутиб олинди ва Теҳроннинг кенгроқ пан-эрончилик дунёқараши унсурларига мос келди. 1990 йиллар ва 2000 йилларнинг бошлари Тожикистон учун ўта оғир давр бўлди. Баъзи тожик сиёсий таҳлилчиларининг фикрича, мамлакат туркий халқлар устунлик қиладиган минтақавий муҳитда ўзининг алоҳида ўзлигини йўқотишдан ва тобора четга сурилиб қолишдан хавотирда эди. Оқибатда, мамлакат оғир иқтисодий ҳамда сиёсий қийинчиликлар билан курашаётган бир пайтда кўмак илинжида Эронга юзланди.

Бироқ Теҳроннинг ёндашуви бошқача эди. Евроосиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари институти веб-сайтининг 2010 йилдаги маълумотларига кўра, ўша пайтдаги Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттакий форс тилли иттифоқ иқтисодий ҳамкорликка урғу бермаслигини айтган эди. Эрон ва Тожикистон аллақачон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (Economic Cooperation Organization) аъзо бўлгани сабабли, алоҳида иқтисодий тузилмага ҳожат йўқ эди. Аксинча, ушбу ғоя хавфсизлик ва мудофаа йўналишига эга бўлиши мумкин, деб қаралди.

Бу ҳолат ўша пайтдаги Эрон Мудофаа вазири Аҳмад Воҳидийнинг 2010 йил май ойи ўрталарида Душанбе шаҳрига ташрифи чоғидаги фикрларида ҳам ўз аксини топган. У 3 та форс-тожик тилларида сўзлашувчи мамлакат – Афғонистон, Тожикистон ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Ўша даврда Эрон бир нечта стратегик мақсадларни кўзлаган эди: Марказий Осиёда ўз иштирокини кенгайтириш, туркий интеграциянинг ортиб бораётган суръатига қарши туриш ва Афғонистондаги ўз таъсирини мустаҳкамлаш.

Бироқ бу таклифлар, баёнотлар ҳамда ушбу ғояни баландпарвоз иборалар билан тарғиб қилувчи китобларнинг нашр этилишидан нарига ўтмади ва деярли ҳеч қандай натижага эришилмади. Ҳатто уч давлат учун умумий форс тилидаги телеканал яратиш режаси ҳам амалга ошмади.

Асосий тўсиқ Теҳрон, Душанбе ва Қобулнинг бу борадаги қарашлари бир хил эмаслиги эди. Эрон ташаббусга анча катта сиёсий мазмун юклаган. Аҳмадинажод форсий маданий яқинликни келажакда сиёсий-стратегик ҳамкорликка айлантириш мумкин деб қараган. Раҳмон ҳам бу ғояга камида сиёсий жиҳатдан ижобий муносабат билдирган: Душанбе учун бундай тузилма Ўзбекистоннинг минтақадаги таъсирини мувозанатлаштириш ва туркий давлатлар ўртасидаги интеграцияга муқобил платформа яратиш имконини бериши мумкин эди.

Афғонистон эса анча эҳтиёткор позицияда бўлган. Қобул форсий маданий алоқаларни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, иттифоқнинг сиёсий ёки стратегик тузилмага айланишидан манфаатдор эмас эди. Бунга мамлакатнинг кўп миллатли ва кўп тилли таркиби, шунингдек, ўша даврда АҚШнинг Афғонистондаги сиёсий ва хавфсизлик ролига кучли боғлиқлиги сабаб бўлган. Афғонистон аҳолисининг сезиларли қисми пушту тилида сўзлашиши ҳам “форсий давлатлар иттифоқи” концепциясини амалий жиҳатдан мураккаблаштирган.

Бундан ташқари, уч мамлакатнинг давлат тузуми, сиёсий манфаатлари ва ижтимоий қадриятлари ўртасидаги фарқлар ҳам интеграцияни чеклади. Тил жиҳатидан яқин бўлса-да, Эрон шийъа мазҳабидаги исломий давлат, Тожикистонда эса асосий аҳоли сунний мазҳабига эътиқод қилади ва мамлакат дунёвийлик йўлини танлаган эди. Афғонистон ҳам бу даврда Ислом Республикаси бўлган бўлса-да, мазҳаб жиҳатидан асосий аҳоли сунний эди. Бир сўз билан айтганда, бундай иттифоқни тузиш учун якдил ҳаракат йўқ эди.

Шунга қарамай, бугун бу ғоя яна кун тартибига чиқмоқда. АҚШ ва Исроил билан можародан боши чиқмаётган Эрон бугун яна бундай таклифларни кўтараётгани вазиятга бошқача нигоҳ билан қарашга ундамоқда. Яна бир жиҳати – бу ташаббус Марказий Осиёда туркий давлатлар интеграцияси, хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг кучайиб бораётган бир даврига тўғри келаётгани билан ҳам эътиборга молик.

Нега амалга ошмайди?

Эроннинг форсийзабон давлатларни бирлаштириш ташаббуси ортида фақат маданий яқинлик эмас, балки ўзининг минтақавий таъсирини сақлаб қолиш истаги ҳам кўринади. Айниқса, сўнгги йилларда Туркия ва Озарбайжоннинг Марказий Осиёдаги фаоллиги ва Туркий давлатлар ташкилотининг кенгайиб бораётган ҳамкорлиги Теҳрон учун янги геосиёсий муҳитни юзага келтирмоқда. Озарбайжонлик мутахассислар ҳам Эрон таклифини ТДТнинг кучайишига жавоб сифатида баҳоламоқда.

Бу жараён фақат Марказий Осиё билан чекланмайди. 7 август куни Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон Макка мудофаа келишувини имзолади. Сунний мусулмон бўлган ушбу уч давлат иттифоқи, гарчи очиқ айтилмаётган бўлса-да, аҳолиси шийъа мазҳабига эътиқод қилувчи Эронни ажратиб қўйишга уриниш сифатида талқинлар кўпаймоқда.

Шу фонда форсийзабон давлатлар иттифоқи Эрон учун ўзига хос “юмшоқ куч” ва геосиёсий таянч вазифасини бажариши мумкин. Теҳрон Марказий Осиёда туркий интеграция кучайиб бораётган бир пайтда форсий-маданий макон атрофида алоҳида ҳамкорлик платформасини шакллантириш орқали ўзининг тарихий, маданий ва сиёсий таъсирини мустаҳкамлашга уринаётгани ҳақидаги қарашлар етарлича асосли кўринмоқда.

Аммо бу ерда Эроннинг асосий муаммоси – бугун унинг ҳамкорларида бундай платформага эҳтиёж йўқ. Душанбе форсийзабон дунёдаги Эроннинг энг яқин маданий ҳамкорларидан бири бўлса-да, сўнгги йилларда туркий давлатлар билан алоқаларини ҳам сезиларли даражада кенгайтирди. Бунинг энг сўнгги мисолларидан бири 31 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий учрашувидир. Унда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам тўлақонли аъзо сифатида қатнашди.

Муҳими, Душанбе бу форматни шунчаки рамзий учрашув сифатида кўрмаяпти. Раҳмон минтақадаги транспорт-логистика, энергетика, саноат, рақамлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Демак, Тожикистон бир томондан форсий маданий меросини сақлаган ҳолда Эрон билан алоқаларни ривожлантирса, иккинчи томондан туркий давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий интеграцияни ҳам четга суриб қўймоқчи эмас. Айтишганидек, “Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши”.

Шу сабабли Эроннинг янги таклифи амалий иттифоққа айланишининг эҳтимоли паст. Теҳрон учун Тожикистонни форсийзабон маконнинг сиёсий таянчига айлантириш муҳим бўлса, Душанбе учун биргина маданий яқинлик сабаб Туркия, Озарбайжон ва бошқа туркий давлатлар билан ривожланаётган кўп қиррали алоқалардан воз кечиш манфаатли эмас. Шунинг учун форсийзабон иттифоқ ҳозирча реал интеграцион блокдан кўра, Теҳроннинг ўз таъсир доирасини сақлаб қолишга қаратилган геосиёсий ва маданий ташаббуси бўлиб қолиши эҳтимоли юқори.

Афғонистон омили ҳам бу ўринда алоҳида аҳамиятли. Амалдаги мамлакат тизими тўлақонли “Толибон” ҳаракати қўлида. Улар эса асосан сунний пуштунлардир. Улар учун “Форс дунёси” ёки “Пан-эронизм” ғоялари ўзларининг пуштун миллий ва диний устунлигига таҳдид сифатида қаралиши мумкин. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида чегаравий муаммолар ҳам бор. Ҳилманд дарёси сувидан фойдаланиш муаммоси ва чегара тўқнашувлари тез-тез кузатилиб тургани сабабли, Афғонистондаги айни тузум билан бундай иттифоқ тузиш имконияти жуда паст.

Нега Эрон ТДТга қарши?

Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий тузилма эмас, хўш, нега Теҳрон унинг ривожланишидан хавотирда?

Аслида Эроннинг ташкилотга ҳам, унга аъзо давлатларга ҳам ҳеч қандай расмий қаршилиги йўқ. Мамлакат Марказий Осиё билан ҳам, бошқа туркий давлатлар билан ҳам дўстона алоқаларга эга. Фақат, Озарбайжондан ташқари.

Эроннинг Озарбайжон билан муносабатлари бошқа туркий давлатларга нисбатан анча кескинроқ. Икки давлат ўртасида тўлақонли уруш юз бермаган бўлса-да, чегарадаги ҳарбий машғулотлар, ўзаро таҳдидлар ва қуролли ҳодисалар минтақа вазиятини хавфли даражага олиб келган.

2021 йил октябрда Эрон Озарбайжон чегараси яқинида йирик ҳарбий машғулотлар ўтказади. Машғулотларда танклар, артиллерия, вертолётлар ва дронлар қатнашади. Теҳрон бунга Озарбайжоннинг Исроил билан яқин ҳарбий алоқалари ҳамда Баку ҳудудида Исроил кучлари бўлиши мумкинлигидан хавотири сабаб бўлганини билдирган.

Бундан ташқари, Озарбайжоннинг Туркия ва Покистон билан ўтказган қўшма ҳарбий машғулотлари ҳам Теҳронни хавотирга солди. Баку эса Эроннинг чегарадаги куч намойишига Туркия билан Нахчивонда ҳарбий машғулотлар ўтказиш орқали жавоб берди.

Можаронинг марказида Зангезур йўлаги масаласи турди. Озарбайжон Нахчхивонни мамлакатнинг асосий ҳудуди билан Арманистон орқали боғлашни истайди. Теҳрон эса бундай йўлак Эроннинг Арманистон билан қуруқлик алоқасини заифлаштириши ва Туркия – Озарбайжон ўртасидаги стратегик боғлиқликни кучайтиришидан хавотирда.

Бунга Эроннинг Озарбайжон билан боғлиқ яна бир стратегик хавотири – Исроил омили қўшилади. Озарбайжон Исроил қуролларининг йирик харидорларидан бири бўлиб, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Теҳрон учун жиддий хавфсизлик масаласидир.

2026 йил 5 мартдаги қарама-қаршилик эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашганини кўрсатиб берди. Озарбайжон Эрон томонидан учирилган 4 та дрон Нахчхивонга кириб, аэропорт терминали ва мактабга зарар етказгани, тўрт киши яраланганини маълум қилди. Баку жавоб чораларини тайёрлашга буйруқ берди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Эронни “террористик” ҳужумда айблади. Аммо расмий Теҳрон Нахчивон аэропорти нишонга олинганини рад этди.

Гарчи бугун Пезешкиён Озарбайжон билан алоқаларни яхшилашга ва “янги саҳифа” очишга тайёрлигини билдирган бўлса-да, муносабатлардаги совуқлик ҳануз сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, туркий давлатларнинг интеграциялашуви Ўрта коридорнинг ривожланишига туртки бўлади. Бу эса айни пайтда океанга чиқишда муаммоларга дуч келаётган Марказий Осиё давлатлари учун оптимал вариант бўлиб қолмоқда. Бу эса Ўзбекистон каби давлатларнинг Эрон портларига бўлган эҳтиёжини камайтиради. АҚШнинг мазкур савдо йўлагини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашининг асосий сабаби ҳам айнан Эроннинг логистик аҳамиятини пасайтириш бўлиши мумкин.

Чобаҳор ва Бандар-Аббос портлари ҳануз Ўзбекистон учун океанга чиқишнинг энг қисқа йўли бўлиб турибди. Денгиз орқали юк ташиш эса ҳар қандай транспорт воситасидан арзонроқ эканлиги ҳаммага маълум. Агар Эрон ва АҚШ ўртасидаги зиддият давом этса, Ўзбекистон учун Ўрта коридордан яхшироқ вариант йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, форс тилли давлатлар иттифоқи диний ва этник жиҳатдан яккаланиб қолаётган Эронни қутқарувчи бир “арқон” бўлиши мумкин. Аммо бугун бундай тузилмани яратишга на Тожикистонда, на Афғонистонда хоҳиш бор.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг