Эрон Ҳормуз орқали кемалар ўтишидан даромад олишни бошлади

Олам

image

Эрон Марказий банки Ҳормуз бўғозидан ўтиш учун жорий этилган божлардан илк даромадларни қабул қилиб олди. Бу ҳақда мамлакат парламенти раиси ўринбосари Ҳожи Бобий маълум қилди.

“Ҳормуз бўғозидаги божлардан олинган дастлабки маблағлар Марказий банк ҳисоб рақамига келиб тушди”, дейди у.

Маълумот учун, жорий илнинг 22 март куни Эрон Ҳормуз бўғозидан ўтаётган кемалардан тўлов ундиришни бошлашини эълон қилган. Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Алоуддин Боружердий ушбу чора бўғоздаги “янги суверен режим”ни ифодалашини таъкидлаган.

“Financial Times” нашрининг ёзишича, Эрон бўғоздан ўтаётган танкерларга эгалик қилувчи кема қатнови компанияларидан маблағ йиғишда криптовалютадан фойдаланмоқда. Газета маълумотларига кўра, транзакцияларни яшириш ва санкциялар хавфини камайтириш мақсадида тўловлар биткоинда амалга оширилиши талаб қилинмоқда. Эрон нефть, газ ва нефть-кимё маҳсулотлари экспортчилари иттифоқи вакили Ҳамид Ҳусайний Теҳрон танкерлардан ҳар бир баррель нефть учун 1 доллардан ҳақ олишини билдирган.

“Reuters”нинг ёзишича, фирибгарлар Ҳормуз бўғозидаги инқироздан фойдаланиб, кема қатнови компанияларига хавфсиз ўтиш учун криптовалютада тўлов талаб қилинган хатлар юбормоқда. Нашр маълумотларига кўра, камида битта компания фирибгарлик қурбонига айланган – унинг кемаси бўғоздан ўтишга уринганда ўққа тутилган.

“Ҳужжатлар тақдим этилиб, Эрон хавфсизлик хизматлари томонидан текширувдан ўтганингиздан сўнг, биз криптовалютада (BTC ёки USDT) тўланиши керак бўлган бож миқдорини белгилаймиз. Фақат шундан кейингина кемангиз олдиндан келишилган вақтда бўғоздан тўсиқсиз ўта олади”, дейилади фирибгарлар мактубида.

Эслатиб ўтамиз, дунё нефть ташиш ҳажмининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб беришнинг 30 фоизи тўғри келадиган Ҳормуз бўғозини Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияси бошланганидан кейин ёпиб қўйган эди. Теҳрон бўғозни 17 апрелда очди, бироқ орадан бир кун ўтиб, 18 апрелда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ блокадаси туфайли бўғоз устидан ҳарбий назорат қайтарилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг