Эрдўғаннинг халқи томонидан ўлдирилишига ишора берган журналист 4 йилга қамалди
Олам
−
17 Декабрь 2353 2 дақиқа
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни нишонга олганликда ва ижтимоий тармоқ аккаунтларида жойлаштирилган дастурда таҳдидли сўзларни ишлатганликда айбланиб, жорий йилнинг 22 июнь куни ҳибсга олинган журналист Фотиҳ Алтайли иши бўйича суд қарори эълон қилинди. У Эрдўғанга суиқасд қурбони бўлиши ёки ўлдирилиши мумкинлиги билан таҳдид қилгани учун тўрт йил-у икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Истанбулнинг 26-жиноий суди томонидан қабул қилинган қарорда Алтайли ўзининг YouTube’даги постларида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга суиқасд қурбони бўлиши ёки ўлдирилиши мумкинлиги билан таҳдид қилгани таъкидланган.
Бугун эълон қилинган асосли ҳукмда “судланувчининг ҳаракатлари Президентга қарши “бошқа жисмоний тажовуз” доирасида баҳоланган” дейилган.
Бундан ташқари, “судланувчининг баёнотлари қонуний тартибни куч билан ўзгартиришга, нафрат, камситиш, адоват ва зўравонликни келтириб чиқаришга қаратилган ифодалар доирасига киради, шунинг учун фикр ва сўз эркинлиги доирасида баҳоланиши мумкин эмас”, деган хулоса илгари сурилган. Суд шунингдек, “судланувчининг баёнотлари зўравонликни қўзғатадиган хусусиятга эга ва шунинг учун матбуот ва сўз эркинлиги доирасида баҳоланиши мумкин эмас” деб ҳисоблайди.
Ҳибсга олиш чораси учун “қочиш гумони” ҳам сабаб сифатида келтирилди.
Олтойли 20 июнь куни YouTube’даги жонли эфир пайтида берган баёнотлари учун 22 июнь куни ҳибсга олинди ва кейинчалик Силивридаги Мармара қамоқхонасига жўнатилди.
62 ёшли журналист олти ойдирки қамоқда сақланмоқда. 26 ноябрь куни бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида суд Олтойлини қамоқ жазосига ҳукм қилди ва уни ҳибсда сақлашни давом эттиришни буюрди.
Видеода Олтойли Президент Эрдўғаннинг “умрбод ҳукмронлиги” ҳақидаги сўровномага изоҳ берар экан, шундай деганди:
“Узоқ ўтмишга қаранг: бу халқ ўз султонларини бўғиб ўлдирган. Улар уларни ёқтирмаганларида, хоҳламаганларида. Ўлдирилган, суиқасд қилинган ёки бўғиб ўлдирилган ёки ўлимлари ўз жонига қасд қилишга ўхшатилган кўплаб Усмоний султонлари бор”.
Live
Барчаси