Энг хавфсиз мамлакатлар эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Бу қизиқ

image

Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace, IEP) мамлакатларнинг хавфсизлик ва тинчлик даражасини баҳоловчи Global Peace Index 2025 рейтингини эълон қилди. Жорий йилда индекс 163 та давлат ва ҳудудни қамраб олган бўлиб, улар сайёра аҳолисининг 99,7 фоизини ташкил этади.

Ҳисобот хулосаларига кўра, дунё тобора хавфли бўлиб бормоқда. Хусусан, тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, глобал тинчлик даражаси пасайишда давом этмоқда, йирик можароларга олиб келувчи кўплаб омиллар эса энг юқори даражага етган.

Тинчлик индекси қандай ҳисобланади?

Global Peace Index 23 та кўрсаткич асосида тузилади ва улар уч гуруҳга бирлаштирилган:

  • жамоат хавфсизлиги ва ҳимояланганлик даражаси;
  • ички ва халқаро можароларнинг мавжудлиги;
  • милитаризация даражаси.

Таҳлилчилар ҳарбий харажатлар, можаролардаги қурбонлар сони, жиноятчилик даражаси каби статистик маълумотлар билан бир қаторда экспертларнинг баҳоларини ҳам инобатга олади.

2025 йилда дунё бўйича ўртача тинчлик кўрсаткичи 0,36 фоизга ёмонлашган. Бу умумий вазият кетма-кет олтинчи йил давомида пасайиб бораётганини англатади.

Дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлар

Рейтинг етакчиси кетма-кет 17 йил давомида Исландия бўлиб қолмоқда. Энг тинч беш мамлакат қуйидагилар:

  1. Исландия;
  2. Ирландия;
  3. Янги Зеландия;
  4. Австрия;
  5. Швейцария.

Ҳисобот муаллифлари бу давлатлар “ижобий тинчлик”нинг юқори даражаси – барқарор институтлар, жамиятдаги ишонч ва зўравонликнинг паст даражаси билан ажралиб туришини қайд этган. 

Гарчи Ғарбий ва Марказий Европада хавфсизлик даражаси кетма-кет тўртинчи йил пасаяётган бўлса-да, мазкур минтақа ҳанузгача дунёдаги энг тинч ҳудуд ҳисобланади.

Энг хавфли мамлакатлар

Рейтингнинг энг қуйи қисмида муаллифлар энг хавфсиз бўлмаган деб баҳолаган давлатлар жой олган:

  1. Россия;
  2. Украина;
  3. Судан;
  4. Конго Демократик Республикаси;
  5. Яман.

Ўзбекистон ўтган йилгидан 2 поғона кўтарилган ва умумий рейтингда 64-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари рейтингда қуйидагича жой олган:

  • Қозоғистон – 56;
  • Қирғизистон – 78;
  • Тожикистон – 79;
  • Туркманистон – 78.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сўнгги 25 йилда турмуш даражаси энг тез ўсган мамлакатлар эълон қилинганди. Сўнгги чорак аср жаҳон иқтисодий манзарасини тубдан ўзгартирган. Хусусан, ривожланаётган Осиё мамлакатлари ва Шарқий Европанинг бир қисмида турмуш даражаси кескин ошган.


Мақола муаллифи

Теглар

рейтинг тинчлик индекси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг