“Энг камида тушунарсиз ҳолат”. “Юксалиш” раҳбари Россия мигрантларнинг йўлини “тўсаётгани”га муносабат билдирди

Жамият

image

Пандемия даврида Россияда қолаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Ватанга қайтариш фақат Ўзбекистон тарафига боғлиқ бўлиб қолмаётгани охирги кунларда равшанлашиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча, 7 август куни ўтган Олий Мажлис Сенатининг 6-ялпи мажлисидаги ҳисоботида шунга шаъма қилган эди. Комиловнинг ҳисоботидан ўрин олган фикрлардан англашилишича, расмий Москва Ўзбекистонни ЕОИИ олиб киришда мигрантлардан фойдаланмоқда. 

Вазир Комиловнинг қўққисдан янграган фикрлари вазиятнинг қай даражада жиддий эканини кўрсатибгина қолмай, ЕОИИга аъзолик масаласи Ўзбекистон тарафининг шахсий хоҳиш-иродаси эмаслигини ҳам ифодалаётгандек. Ҳолатга нисбатан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов қуйидагича муносабат билдирди:

“Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатнинг Ялпи Мажлисида фуқароларимизни қайтариш юзасидан Россия Федерациясига бир нетча янги шартномалар таклиф қилгани, лекин улар рад қилингани ва аксинча, Евроосиё иқтисодий иттифоқига чорлашга уринишлар бўлганини айтди. 

Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ҳам геостратегик, ҳам муҳим иқтисодий ҳамкори, яқин дўстлик муносабатларида бўлган давлат ҳисобланади. 

Шу боис, бизнингча, дунёда ҳукм сураётган оғир пандемия шароитида, фуқароларимизнинг ватанга қайтиш истагида бўлиб, қийинчиликни бошдан кечираётган бир пайтда, Россия томонидан умуман бошқа бир масала – сиёсий ёки иқтисодий интеграция масалаларининг рўкач қилинаётганини энг камида тушунарсиз ҳолат деб баҳолаш мумкин. 

Умид қиламизки, сиёсий конструктивизм қарор топади ва Россия сиёсатчилари Ўзбекистон ҳукуматининг фуқароларимизни ортга қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмайди”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Парламентга йўллаган мурожаати ЕОИИга аъзолик ҳақида гапириб, ушбу масала юзасидан сўнгги қарорни депутатлар бериши кераклигини айтиб, шундай деган эди: 

“Импорт ва экспортимиз Қозоғистон ва Россиянинг транзит йўллари орқали ўтади. Қолаверса, аҳолимизнинг кўп қисми Россия ва Қозоғистонда ишламоқда. Шуларни инобатга олиб, ЕОИИга аъзолик масаласини кўриб чиқяпмиз.

Депутатлар нима деса, шу бўлади. Қўлга қалам олиб ҳисоб-китоб қилинглар. Мен айтган масалаларни ҳам албатта, инобатга олиш шарт”. 

Маълумот ўрнида, ЕОИИ – 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатувчи халқаро интеграция иқтисодий бирлашма ҳисобланади. Иттифоқ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобур Бекмуродов

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг