“Энфилд” даҳшати “Барселона”ни тиз чўктирди
Таҳлил
−
08 Май 2019
74027 май оқшомида миллионлаб футбол ишқибозларининг нигоҳлари Европа чемпионлар лигаси ярим финал илк жавоб баҳсига қаратилди.
Бу жуфтлик “Ливерпуль” ва “Барселона” қарама-қаршилиги бўлиб, унда кўпчилик (ҳатта Моуриньо ҳам) ҳаммаси ҳал этиб бўлинди деган қарашда эди. Лекин дунёнинг энг шовқинли стадионларидан бири бўлган “Энфилд” ўйин охирида ҳаммани шок ҳолатига тушириб қўйди. Ўша лаҳзаларда ҳатта стадиондаги “Ливерпуль” мухлислари ҳам нималар содир бўлганини тушунмаган бўлса керак.
Шунчаки, бу ўйинда Клоппнинг синмас руҳияти ва иродаси ўз шогирдларига ҳам сингиб кетганига гувоҳ бўлдик. Валверди эса ўтган ҳафтадаёқ ЕЧЛ кубоги чўнтакда деб ўйлади шекилли, бунинг учун қаттиқ жазоланди.
Бизнингча кеча мураббийларнинг имкониятлари ўйин тақдирини ҳал этди. “Барселона”нинг ўйинни бой беришига бош мураббий Эрнисто Валвердининг тактик қарашлари ва олдинги ўйин нтижасига ўта ишониб юборганлиги сабаб бўлди. Негаки, кечаги ўйинда “Камп Ноу”да рақибга умуман ўйин бермаган “Барселона” тўсатдан йўқолиб қолди.
Хабарингиз бор, ўтган йили ҳам “Барселона” ўз уйида ишончли равишда ғалаба қозониб, худди шундай мағлубиятга учраган эди. Бу гал ҳам ўша сенарий такрорланди.
Ишонинг мен асло “Ливерпуль” “Барселона”дан кучсиз эди демоқчи эмасман. Фақат каталонлар бунчалик шармандали ҳисобда ютқазмаслиги мумкин эди. Бунинг учун ўйин аввалидаёқ, эътиборни жамлаган ҳолда аниқ режалар билан ишлаш керак эди.
“Барселона”нинг биринчи таймдаги ўйинига кўра, жамоа Салоҳсиз ва Фирминьосиз ҳеч нарсага эриша олмайди дея ўйлаган. Иккинчи таймда учинчи голни ўтказиб юборгунгача бу хаёл уларни тарк этмади. Қандайдир икки дақиқа ичида Вейналдумнинг иккита гол киритиши эса, “кўк-анорранглилар”ни гандираклатиб қўйди. Бу довдирашлар тўртинчи голга олиб келди. Айнан шу голдан кейин “Барселона”нинг кейинги босқичга чиқишга ҳаққи йўқ эди.
ЕЧЛнинг ғолиблиги бу каби кулгили голларни ўтказиб юборадиган жамоаларга насиб этмаслиги керак. Сиз ҳам кўрдингиз “Барселона” ҳар бир вазиятни ҳисобга ола билмади. Ўйиннинг тизгинини буткул “Ливерпуль”га ташлаб қўйиб, уларнинг спектаклини томоша қилишди. Улар кутишмаганди бу драманинг охири трагедия билан якунланишини. Улар ҳатто ҳаёлларига ҳам келтира олмасди ўз суюкли қаҳрамонларининг “ўлиб қолиши”ни.
Аммо буни тақдир дейдилар. Ҳамма драмалар сизнинг истагингизга мослаб тузилаверса бунинг ортиқ қизиғи бўлмасди. Шу сабабдан “Барселона”га тақдир ушбу кунни қорага бўяб, аччиқ дарслик қилиб ҳадя этди. Эндиям хотиржамликка берилиб кўрчи...
“Ливерпуль” мухлислари ушбу катта ўйинда жамоасининг ғалаба қозонишига ишонишган, фақат, аввалги ўйин учун ховурларни туширишларини кутганди холос. Йирик ҳисобдаги аламли мағлубиятни унутиш учун суюкли жамоаси фақат ғалаба қозонади дейишганди. Лекин уларнинг кам сонлиси финал чипталарини хаёлларидан ўтказишганди.
Аммо такрорланмас драмаларнинг бош қаҳрамони бўлишни хуш кўрадиган Клопп, гўёки, ўз мухлисларини ақлдан оздириш учун атайлаб Каталонияда 0:3 ҳисобида ютқазиб келгандай қилиб кўрсатди жамоасини. Шунчаки браво! У кўра олди: биринчи таймдаги ўйиндан сўнг финал остонада турганлигини.
Шу сабабдан иккинчи таймда илк ўйиндаги тактикага қайтди. Вейналдум ҳужумда иш бошлади. Бунисини “Барселона”дагилар ўйлаб ҳам кўришмаган экан.
Яна тўртинчи гол. Бу гол шунчаки олдиндан ўйланган ҳийла эди. Ижрочилар ҳаммасини мукаммал бажариб беришди. “Томошабинлар” ҳам бу маҳоратдан шунчаки лол!
Энди “Барселона” учун ЕЧЛдаги ҳаёт тугади. Кейинги йил қайта тирилиш учун ниманидир ўзгартириш керак. Балки, раҳбарият мураббий масаласини кўриб чиқар. Балки айрим етакчиларнинг “Барселона”даги сўнгги лаҳзаларига гувоҳ бўлаётгандирмиз. Лекин, ишонинг, кейинги йили “Барселона” иштирокида бошқа бунақа трагедияни томоша қилмайсиз.
LiveБарчаси