Энди туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани шифохонанинг ўзидан олиш мумкин
Жамият
−
29 Январь 2023
101882023 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани тиббиёт муассасалари орқали электрон усулда ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби жорий этилди. Мазкур тартиб 2023 йил 1 июндан бутун республика бўйлаб тадбиқ этилиши белгиланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, эндиликда бола туғилиши билан тиббиёт муассасаси у ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни, жумладан, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги маълумотларни махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига ахборот тизими орқали юборади.
Шундан сўнг ФҲДЁ бўлими туғилганликни қайд этиб, QR-код қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборади. Тиббиёт муассасалари маълумотномани боланинг ота-онасига тақдим этади.
Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади. Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан уни қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун ФҲДЁга бориш шарт эмас.
Шунингдек, туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб берилади.
Таъкидланишича, оталикни белгилаш ва ёлғиз она аризасига асосан туғилишни қайд этишда ҳамда топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда бевосита ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш лозим.
LiveБарчаси